Ғоя-ташаббусларимиз “йўл харитаси”
Ғоя-ташаббусларимиз “йўл харитаси”

 

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари вакиллари бизнинг электоратимиз, бизга яқин бўлган инсонлардир. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, видеоселектор йиғилишда белгиланган вазифалар партиямиз ғоя ва ташаббусларини амалга оширишда “йўл харитаси” вазифасини бажаради.

Сир эмаски, ногиронлиги бўлган шахсларнинг масалаларини ўрганиш ва уларга ечим топишга қаратилган ғоялар партиямиз учун устувор вазифалар сирасига киради. Бу тоифа инсонлар ҳамда уларнинг қаровчиларига қулайлик яратиш борасида қонуний чораларга эҳтиёж бор эди. Мазкур йўналишда энг муҳим қадамлардан бири янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб белгилангани бўлса, Президент ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва унинг жойларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолият бошлагани соҳада янги ташаббусларга эшик очди.

Аслида бу ишлар осонлик билан амалга ошмаяпти. Уларнинг замирида катта меҳнат, машаққат ва маблағ зарур. Ўзбекистон дунёда кузатилаётган глобал инқирозларга қарамай ушбу вазифанинг уддасидан чиқмоқда.

ХДП Андижон вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи шаҳар, туманлардаги депутатлик гуруҳлари билан биргаликда ёлғиз яшайдиган қарияларнинг аҳволи, уларга кўрсатилаётган хизматлар ва ёрдамларнинг сифатига доимий эътибор қаратиб келамиз. Шунингдек, мактабга қатнаш имкони бўлмаган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш, бирламчи тиббиёт муассасаларида кўп болали, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга тиббий хизматлар кўрсатишнинг ҳолати каби масалаларни уйма-уй ўрганамиз. Юртдошларимиз билан суҳбатлашганимизда уларнинг бугунги ўзгаришлардан мамнунлигига гувоҳ бўламиз ва бу бизга куч беради.

13 декабрда Президент раислигида ўтказилган йиғилишда эҳтиёжманд ҳамюртларимизга кўрсатиладиган хизматлар ва ёрдамлар натижадорлиги янада ортишини эшитиб, илҳомландик. Йиғилишда белгилаб берилган вазифалар келгуси фаолиятимизда дастуруламал бўлади.

 

Муқаддасхон СУЛТОНОВА,

Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси,

вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 18.12.2024, №51

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш