Конституциямизда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробарга кўпайтирилиб, ижтимоий давлат моделини амалга ошириш механизмлари белгиланган. Асосийси, бу механизмлар изчиллик билан ҳаётга йўналтирилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя соҳасига оид устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган фикрлар, белгиланган вазифалар соҳага шаффоф баҳо бериш, келгуси режаларни аниқлаб олиш имконини ҳам берди.
Хусусан, камбағалликни қисқартириш борасида қатор таклифлар берилди. Таъкидландики, аввало, камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. 2025 йилнинг 1 мартига қадар тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитиш бошланади ва тўгарак харажатининг 80 фоизгача қисми бюджетдан қопланади.
Камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг йигит-қизни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун олийгоҳ ректорлари ҳам бош-қош бўлади. Яъни, камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитиш уларга вазифа сифатида топширилди.
Нега айнан ёшлар? Сабаби, камбағалликка тушиб қолиш хавфи аҳолининг заиф қатлами, яъни, ёшлар, хотин-қизлар ва эҳтиёжманд кишиларда кўпроқ бўлади. Шундан келиб чиқиб, ёшларни касб-ҳунарли, билимли қилиш жамият учун, давлат учун жуда муҳимдир.
Тўғриси, белгиланган вазифаларни амалга ошириш осон бўлмайди. Давлат раҳбарининг қатъияти, иродаси ва оқилона сиёсатига елка тутиш, унинг ижросини таъминлаш, назорат ўрнатиш, ҳар бир мутасаддининг масъулиятини ошириш каби устуворликлар мақсадга эришишга туртки беради. Чунки халқимизнинг мамлакат етакчиси томонидан қўйилган топшириқлар ижросидан умидлари катта.
Халқ демократик партияси бу ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди. Маҳаллий Кенгашлар ва барча даражадаги партия ташкилотлари уларнинг ижросини таъминлашда бевосита иштирок этишга, назорат ўрнатишга ва ҳамкорликка тайёр.
Музаффар ТУРОПОВ,
ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.
«Ўзбекистон овози», 18.12.2024, №51