Ҳамиша долзарб
Ҳамиша долзарб

 

Камбағалликни қисқартириш ва кучли ижтимоий ҳимоянинг мукаммал тизимини яратиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Барча ислоҳотлар “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилмоқда. Буни сўнгги йилларда ижтимоий соҳадаги натижадор чора-тадбирлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадлар учун жорий этилди. Бу орқали хотин-қизлар, ёшлар, умуман, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларнинг муаммолари манзилли ўрганилиб, ўз вақтида самарали ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор мажлисида тугаётган йилда 102 та ижтимоий хизматни маҳалла даражасига туширилганини қайд этиб ўтди. Масалан, олдин одамлар протез учун ҳар хил комиссиялар ва поликлиникада 2 ой сарсон бўлган. Ҳозир бу масала икки ҳафтадаёқ маҳаллада ечим топмоқда. Шунинг ўзидан 100 минг одамнинг оғири енгил бўлди. Одамлар протезни 95 та ишлаб чиқарувчи орасидан электрон тизимда ўзи танлаяпти, рақобат ва сифат ҳам яхшиланди. Ногиронлиги бор болаларга қараб туриш хизмати йўлга қўйилиб, мурожаатлар маҳаллада қабул қилинмоқда. Бу 700 нафар ота-онани ишлашига шароит яратди. Ҳаракатлана олмайдиган 4 минг нафар ёлғиз кексалар аниқланиб, уларга ўз уйида қараб туриш йўлга қўйилди.

Келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш мақсад қилинган. Яъни, ижтимоий ҳимоя билан бандлик хизматларини ўзаро интеграция қилган ҳолда оилалар билан ишлаб, уларни манзилли, аниқ режалар асосида камбағалликдан чиқариш белгиланган.

Президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида соҳадаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Келаси йили 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.

Айтиш керакки, йиғилишда айтилган ҳар бир фикр бевосита партиямиз электорати манфаатларига дахлдор экани билан аҳамиятлидир. Чунки ХДПнинг келгуси 5 йилликка мўлжалланган дастурида ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг ҳаётини фаровонлаштиришга оид ташаббуслар илгари сурилган. Давлат раҳбари айтган топшириқлар эса бу борадаги фаолиятимизни янги босқичга чиқаради.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 18.12.2024, №51

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш