Депутатлик сайловчилар ишончи демакдир

 

Чиндан ҳам, депутатлик бу мақом ёки ваколат эмас, бу одамларнинг ишончи демакдир. Шу ишончни оқлаш учун қонунларимизда халқ ноибларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу билан бир қаторда фаолиятининг асосий кафолатлари белгилаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлари М.Таробий маҳалласида аҳоли билан мулоқот қилди. Маҳалладаги мавжуд муаммоларни ўрганишди.

Маълум бўлишича, мазкур МФЙ майдони 500 гектардан зиёд. Аммо шуниси ҳам борки, маҳалла биноси аҳоли боришига ноқулай жойда. Мурожаатларда уни аҳолига қулай манзилга кўчириш бўйича ёрдам сўралди.

Шунингдек, Бухоро туманининг 5 та қишлоғи Бухоро шаҳарга қарашли экани ва аҳоли мулк солиқларини Бухоро туман солиқ инспекциясига тўлов қилишлари, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган аҳоли қатлами кредит олишда муаммоларга дуч келаётгани аниқланди. Ушбу масала ҳам мутасаддилар билан келишилган ҳолда ҳал этиладиган бўлди.

Аҳоли МФЙда ички йўллар таъмирталаб ҳолатга келиб қолганидан норозилик билдирди. Қайд этилдики, 37 км йўлдан 2,5 км асфальтлашрилган холос. Бухоро туманига тегишли бўлган 4 та кўчани шаҳар депутатлари шағаллаштириб берган. Қолган қисми эса узоқ йиллардан буён ноқулай аҳволда қолмоқда.

Бундан ташқари, ўтроқ жойлар қонунийлаштирилмаган, шу боис фуқаролар ўртасида тортишувлар келиб чиқмоқда. 500 дан ортиқ хонадонда ҳеч ким яшамаслиги сабабли бу хонадонларга тегишли бўлган буюмлар бегона шахслар томонидан ўғирланиб кетилмоқда, жиноятчиликлар ҳам шу сабабли келиб чиқмоқда.

Одамларнинг бу каби кундалик ташвишлари депутатларни ҳушёр қилди. Ноиблар ҳар бир масаланинг ечими бўйича фикрларини ҳамда ўзларининг ташаббусларини ҳам билдирдилар. Жумладан, МФЙ ёшлари чет тилларни ўрганиши учун Педагогика институтида ўқув маркази ташкил этиш таклифи берилди.

Бундан ташқари, ҳудуддаги 9 та кўп квартирали уйларда, уй-жой фондини биргаликда бошқариш ҳамда уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни таъминлаш учун ихтиёрий бирлашма сифатида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ташкил этилмаган, 3 та 2 қаватли уй яроқсиз ҳолга келиб қолган, чунки бу уйларнинг қурилганига 50 йилдан ортиқ вақт бўлганлиги аниқланди.

Маҳаллада 118 та ногирон ва 25 дан ортиқ аёлларимиз онкология касаллигига чалинганлиги аниқланиб, шаҳар депутатлари уларга моддий ёрдам ва дори-дармонларини олиб беришга ёрдам қўлини чўзган. Мана шу касалликларнинг олдини олиш мақсадида, маҳаллада жорий йилнинг 21 декабрь куни хотин-қизлар учун тиббий кўрик ташкил қилиш таклифи берилди.

Мурожаатлар қайд этилиб, ечими бўйича хабардорлик ва назорат ўрнатилиши таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш