Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаш томонидан ҳудудларда янги сайланган депутатлар иштирокида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ролини ошириш ва фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисидаги Президент маърузаларидан келиб чиқиб белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди. Янги сайланган депутатлар олдида турган устувор вазифалар, ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда партия гуруҳларининг роли ва ўрни ҳақида тушунчалар берди.
Шунингдек, депутатлик ваколатларидан самарали фойдаланиш, депутатлик назорати институтини қўллаш амалиёти, сўров юборишнинг қонуний мезонлари ҳақида батафсил сўз юритилди.
Ушбу кенг қамровли вазифаларни бажаришда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг доимий ҳамкорлигини таъминлаш, ҳуқуқий имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.
Семинарда маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, қарорлар қабул қилишда очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ҳамда депутатлар фаолиятини тўғри ташкил этиш, сайловчилар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш ҳам кун тартибидан ўрин олди. Масъуллар Кенгаш фаолиятини рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Муҳими, депутатларда уйғоқ фикр, уйғоқ виждон ва ҳар бир масалага нисбатан қатъий фуқаролик позицияси шаклланмас экан, ислоҳотлар самараси кутилганидек бўлмаслиги қатъий таъкидланди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди.