Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида долзарб масалалар кўтарилди. Айниқса, жойларда ҳокимлар ҳар бир тадбиркор билан кўпроқ мулоқот қилган ҳолда корхоналарга бориб, уларнинг дарди билан яшаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Албатта, бунинг тасдиғини статистик маълумотлардан ҳам кўришимиз мумкин. Бугун қайси соҳадаги раҳбар бўлмасин, жон куйдириб, тадбиркорлар билан ишлаб, уларнинг муаммосини ҳал этган бўлса, ўша ҳудудларнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бундан англашиладики, ўзаро мулоқот амалий ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, бизнес учун йўл, сув, электр, газ, темир йўл каби инфратузилма объектларини яхшилашга жорий йилда 35 трлн. сўм маблағ йўналтирилгани, келгуси йилда яна 43 трлн. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилгани қувонарли ҳол, албатта.
Давлатимиз томонидан тадбиркорликнинг бундай қўллаб-қувватланиши, уларга керакли шарт-шароитларнинг яратиб берилиши, аниқ айта оламизки, бу йил эришган натижаларимиздан кўра, икки баробар кўп натижаларга эришишимиз учун мустаҳкам замин яратади. Бунинг натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилишига, экспорт ҳажмарининг ошишига ва албатта, давлатга солиқ тушумлари кўпайиб, энг асосийси, камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариб, доимий даромадли иш билан таъминлашга асос бўлади.
Президентимиз минтақадаги энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини сақлаб қолиш учун барқарор солиқ сиёсати давом эттирилишини таъкидлади. Жумладан, ҳаётий зарур харажатларни молиялаш учун бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгартирилмайди. Шу билан бирга, 1 январдан бошлаб, ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади, мобил алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз) бекор қилинади. Албатта, булар тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтиришлари учун асос яратади.
Бугунги мураккаб геосиёсий шароитга қарамай, иқтисодиётимиз 6,3 фоизга ошиб, 111 миллиард доллардан кўпайгани, шубҳасиз, эътиборга молик. Қолаверса, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасига 38 миллиард доллар инвестиция киргани, экспорт 26 миллиард доллардан ошгани ҳам иқтисодий барқарорликни таъминлашда айни муддаодир.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг эзгу мақсад билан илгари сурадиган ҳар қандан ғоя ва ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, биз, депутатлар жамиятимизнинг энг илғор вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга оид ишларимиз натижадорлигини кафолатлашимиз айни муддаодир.
Шокиржон АҲМЕДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси аъзоси,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.