Ўтган йили Президент фармони билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш чоғида айбланувчи ва судланувчини ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин уни тергов ҳибсхоналарининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жорий этилиши белгиланган эди. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида қатор қонун лойиҳалари билан бирга мазкур масалани ўз ичига олган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги лойиҳа ҳам муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин унда қийноққа солиш ёки бошқа ҳолатлар натижасида олинган жароҳатларни, шикастланишларни ва яраларни аниқлаш мақсадида тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланмоқда. Эътиборлиси, бу жараёнда адвокатнинг иштироки таъминланади ва кўрик замонавий аппаратлар ёрдамида олиб борилади.
Яна бир жиҳати, бу босқичда тезкор чора кўриш мақсад қилинган. Яъни, тиббий кўрикни ўтказиш учун вақт белгилаш таклиф этилмоқда. Унга кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига олиб келингандан бошлаб бир соат ичида тиббий ходим томонидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.
Бироқ фракция аъзоси Зуҳра Шодиева лойиҳада кўрсатилган бир соат айрим жароҳатлар, масалан, бош чайқалиши ёки ички органлардаги ўзгаришларни аниқлаш учун камлик қилишини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, вақт масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Бундан ташқари, тиббий кўрик хулосасини қамоққа олинганнинг адвокати талабига асосан тақдим этилишига оид меъёр бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Масъуллар навбатдаги ўқишга қадар мутахассислар билан келишиб, таклифни инобатга оладиган бўлди.
Қайд этилишича, расмийлаштирилган тиббий хулосанинг биринчи нусхаси мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилган қамоққа олинганга таништирилиб, унинг йиғмажилдига тикилиши, иккинчи нусхаси мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилган қамоққа олинганни олиб келган ходимларга берилиши белгиланмоқда.
Агар қамоққа олинган шахснинг танасида жароҳатлар, шикастланишлар ва яралар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда қайд этилиб, бу ҳақида қамоққа олинганга маълум қилиниши ва зудлик билан прокурорга хабар берилиши мумкин.
Лойиҳа яна бошқа меъёрлар ҳам ўрин олган бўлиб, барчаси инсон муҳофазаси, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Фракция аъзолари лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллади.