Инсон ва унинг қобилиятлари, билим, малакаси ҳар қандай жамият фаровонлиги ва давлат иқтисодий тараққиётининг асосий омилига айланган бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам инсон капитали, шубҳасиз, ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида намоён бўлмоқда.
Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис сўнгги йилларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Энди мамлакатимиз янги даврда яшамоқда. Президентимиз томонидан ижтимоий ҳимоя соҳасида 2025 йил учун устувор вазифаларни белгилаб берди. Келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.
Айни вақтда тизимдаги мавжуд 10 мингдан ортиқ мактаб ва 38 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилотларида 700 минг нафарга яқин педагоглар 8,7 млн нафарга яқин тарбияланувчи ва ўқувчиларга таълим ва тарбия бериб келмоқда. Жорий йилда 4644 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши натижасида болаларни мактабгача таълимга қамров даражаси 76,0 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов қамрови 96 фоизга етказилди.
Янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сони 1500 тага (2023 йил – 500 та) етказилди. Бунда ўтган йилги баҳолашда иштирок этган 500 та мактаб ичида жараёнларни самарали йўлга қўйган мактаб жамоаларига 40 фоизгача устама тўлаб келинмоқда. Ўтган ўқув йилида ўқувчиларнинг ўртача ўзлаштириш даражаси 6 фоизга ошган. Хусусан, жорий ўқув йилининг биринчи чорак натижаларини ўтган ўқув йилининг худди шу даври билан солиштирилганда, ўқувчиларнинг билим олиш даражаси 4 фоизга ошганлигини кўрсатмоқда.
Ўз навбатида, тўпланган билим, кўникма ва қобилият захирасининг мақсадга мувофиқ ишлатилиши эса фаолиятнинг юқори унумдорлигида ходимнинг иш ҳақи (даромади) ўсишига олиб келиб, янги билим ва кўникмалар захирасини тўплаб келажакда унумли қўллашга хизмат қилади.
Мутахассисларининг фикрига кўра, илк болаликда инвестиция киритиш бошқа дастурларга қараганда энг самаралидир. Чунки инсон капиталининг ривожланиш жараёнининг бошланиши мактабгача ва мактаб таълими даврига тўғри келади ва ушбу нуқтадан бошлаб бола келажакда ўз тақдирини ўзи белгилаш ва ўзини намоён қилиш қобилиятига эга бўла бошлайди, меҳнат бозорида ўз қобилиятига мурожаат қилишга ўрганади.
Акмал ИСМАИЛОВ,
Халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгаши депутати.