Зўравонликка учраган аёл зўравоннинг уйида қолишга мажбур бўлмайди
Зўравонликка учраган аёл зўравоннинг уйида қолишга мажбур бўлмайди

 

Олий суднинг матбуот хизмати йил бошида берган статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 203 нафар шахс оиладаги зўравонлик бўйича Жиноят кодексига мувофиқ судланган. Уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлиб, 144 киши озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони олган. Шунингдек, 8928 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.

Тўғри, аёллар ҳимоя ордери бериш тизими ишга тушди ва бу кўплаб опа-сингилларимиз саломатлиги ва ҳаётини ҳимоялашга хизмат қилмоқда. Бироқ борарга жойи йўқ бўлган аёллар зўравоннинг уйида қолишга мажбур бўлмоқда. Афсуски, бир марта кўтарилган қўл яна шу ишни қилмасликка, хотинига зуғум қилган шахс биргина ордер билан уни тинч қўйишига кафолат йўқ.

Бундан кўринадики, оиладаги зўравонликка қарши курашиш чоралари янада такомиллаштириш ҳамда кучсизларни муҳофазалашни кучайтиришга эҳтиёж бор.

Палата мажлисида ушбу масала, яъни оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Лойиҳага кўра, Оила кодексининг 41-моддасига оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган ер ёки хотиннинг талабига кўра, суд томонидан ишни кўришда ярашиш учун муҳлат тайинланмасдан қарор чиқарилиши кўзда тутилган тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган норма таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Уй-жой кодексига суд турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда, қарздор (мулк эгаси бўлган эр ёки хотин)нинг ташаббусига асосан ушбу турар жойни муносиб шароитга эга бўлган бошқа турар жойга алмаштириши мумкин. Ёки тарафларнинг келишувига асосан ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини қарздорга юклаш бўйича меъёр киритилмоқда.

Соддароқ қилиб айтганда, энди зўравонликка учраган шахс, кўп ҳолларда бошпанасиз қолишдан қўрққан аёл, зўравоннинг ёнида, у билан бир уйда қолишга мажбур бўлмайди. Тарафлар келишган ҳолда бошқа жойда яшаши ҳам мумкин.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик жабрланувчилари ҳуқуқларини, оилавий муносабатлар иштирокчиларининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради. Шу жумладан уй-жой низоларини кўриб чиқишда мулкдорнинг манфаатларини инобатга олиш билан бир қаторда хотин-қизларга яшаш учун қулай шароит яратиш ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқаруви тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳзаларини билдирди. Уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди. Муҳокмалар якунида қонун лойиҳаси концептуал қўллаб-қувватланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш