Ислоҳотлар тақдири ҳудудларда ҳал бўлади
Ислоҳотлар тақдири ҳудудларда ҳал бўлади

 

Юртимиз аҳолиси 2024 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 37,4 миллион нафарга етган ва бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 фоизга ошган. Эътиборли жиҳати, 19 миллиондан зиёд киши шаҳарларда, қолгани эса қишлоқларда истиқомат қилмоқда. Шаҳарда яшовчиларнинг сони ортиши одамларнинг турмуш тарзи ўзгараётгани, шароитлари яхшиланаётгани ва фаровонликдан далолат беради, албатта.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чуқур ўйланган ва таҳлиллар асосида амалиётга татбиқ этилаётган дастурлар ижроси ҳамюртларимиз ҳаётида яхши ўзгаришларга хизмат қилмоқда. Жойлардаги муаммолар босқичма-босқич ечим топмоқда.

Хусусан, мамлакатда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш, аҳоли билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш масаласи ҳам кун тартибидан тушмай келяпти.

Мамлакат тараққиёти ҳудудларнинг реал ҳолати, ривожланиш даражаси билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, 2020 йилда ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун уларнинг комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида Президент қарори қабул қилинган эди. Унда табиий хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини, ҳудудларнинг бошқа қиёсий устунликларини аниқлаш механизми ҳам назарда тутилган. Қарорга кўра, статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди. Бу эса ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил қилиш борасидаги муаммоларнинг амалий ечимига хизмат қилмоқда.

 

Ўзиники ўзигатамойили

Яқинда давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда парламентнинг фаол иштирок этиши муҳим эканини таъкидлади. Президент инвестиция дастурларини тайёрлашда депутатлар ҳам албатта иштирок этадиган, уларнинг фикри инобатга олинадиган тизим яратиш ташаббусини илгари сурди.

Шу билан бирга, туман ва шаҳарларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш таклиф этилди. Бундан кўринадики, 4 йил олдин ҳудудларни ривожлантиришга оид бошланган янгича ислоҳотлар ёндашувнинг нақадар тўғри бўлганини исботлади. Айна пайтда яна бир муҳим қадам ташланишига замин яратди.

Аввал қанақа эди? Масалан, Ўзбекистонни катта бир оила деб оладиган бўлсак, унда ишлаб топилган даромад бир қозонга тушган. Меҳнат қилган ҳам, ишламаган ҳам умумий жамғармадан баҳраманд бўлган. Аммо аччиқ бир ҳақиқат бор, яъни, ҳар ким ўз “аравасини” ўзи тортиши керак. Энди ишлаган ҳам, ишламаган ҳам тенг бўлмайди. Яъни, қайси ҳудудда ҳунармандлар, бизнес эгалари кўп бўлса, қайси бир туман имкониятлардан самарали фойдаланаётган бўлса, унинг пули ҳам кўп бўлиши керак. Чунки у бошқаларга қараганда кўпроқ солиқ тўлаяпти.

Соддароқ айтганда, энди, ҳар бир ҳудуднинг ўз “чўнтаги” бўлади. Кўп даромад топаётган туман ёки шаҳар ўзига янада кўпроқ инвестиция қилади ва тезроқ ривожланади. Янги иш ўринлари ташкил қилинади, коммуникация тармоқлари, инфратузилма муаммолари ҳал этилади. Жамият ҳаёти учун ўта муҳим бўлган ижтимоий масалаларни айланма тизим орқали эмас, тўғридан-тўғри ҳудуднинг ўзида ҳал этиш имкони юзага келади. Тақсимотдаги мураккабликлар барҳам топиб, ижтимоий объектларнинг ҳолати янада яхшиланади.

Ҳудудларда тушумларнинг кўпайиши, даромад солиғининг ортиши қонунлар ишлаётганини, одамлар меҳнатига яраша даромад топаётганини, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ривожланаётганини билдиради. Раҳбарлар фуқаролар мурожаат қилиб келганда, қўрқмасдан, аниқ ваъда бера олади. Ҳудудлар ўртасида соғлом рақобат муҳити юзага келади. Кўрсаткичлари орқада қолаётган туман-шаҳарлар ҳам яхшироқ ишлашга интилади. Иқтисодий-молиявий соғлом муҳит, мустақиллик, эркинлик пайдо бўлади.

Аксинча, қаердаки даромад кам, ҳудуд дотацияда ўтирган бўлса, ўша ерда қонунлар, қарор ҳамда фармонлар тўғри ва тўлиқ ижро этилмаётгани ойдинлашади.

Ҳудудлар равнақ топса, мамлакат чин маънода тараққий этади.

 

Ҳамма бор имкониятини ишга солса...

Биламизки, юртимизда нафақат шаҳар ва туманлар, ҳаттоки маҳаллалар ҳам ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, одамларининг тутумларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари алоҳида ёндашувни талаб этади. Бу борада барча даражадаги раҳбарлар ва, шубҳасиз, депутатлар ҳам ташаббускор бўлиши талаб этилади. Чунки депутатлар халқ орасида ва уларнинг эҳтиёжини ҳам, имкониятини ҳам билади.

Республикада ҳудудларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида 2025 йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш режалаштирилган. Натижада янги йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари даромади 9,4 трлн сўмга ёки 47 фоизга ошиши кутилмоқда. Маҳаллий Кенгашларнинг маҳаллий бюджет маблағларини бошқаришдаги иштироки фаоллашуви эса ҳудудий масалаларни республика даражасигача олиб келинишига ҳожат қолдирмайди. Ҳар бир муаммо жойида ҳал этилади.

Қолаверса, рейтинг баҳолаш тизими асосида ҳудудларнинг ўзига хослиги ўрганиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Масалан, ҳар бир туманнинг иқтисодий, географик, ижтимоий хусусиятлари, меҳнат ва табиий ресурсларини инобатга олган ҳолда уларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш мумкин. Тизимли муаммоларни аниқлашда, туман-шаҳарларнинг реал иқтисодий салоҳиятини баҳолашда, аҳоли турмуш даражаси ва даромадларини таҳлил қилишда ҳам бу амалиёт асқатади. Ўз ўрнида, ҳудудий раҳбарлар фаолияти устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, ким нима билан банд экани тўғрисида маълумотга эга бўлиш имконини оширади.

 

Ҳаракатлар стратегияси – амалда

2022-2026 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг 5-мақсади ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилишга қаратилган.

Бугун гувоҳи бўлмоқдамизки, бу борада авваллари мутлақо бўлмаган тизим яратилмоқда. Марказлашган бошқарувга барҳам бериляпти. Ҳудудларни ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишда барча даражадаги давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармалари ишни самарали ташкил этишга интилмоқда.

Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш чоралари изчил йўлга қўйилди. Туманлар аниқ маҳсулот тури етиштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослаштириляпти. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида салмоқли иш ўринлари яратиляпти. Шаҳар ва туманлар марказларида аҳолининг кундалик эҳтиёжи юқори бўлган маиший ва коммунал хизматларни ривожлантириш бўйича пуллик сантехника, электрик, уй жиҳозларини таъмирлаш, кейтеринг каби хизматларни кўрсатиш пунктларини кенгайтириш йўлга қўйилди.

Тўғри, айрим қишлоқ ва маҳаллаларда замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис турлари бугунги кун талаби даражасида эмасдир, лекин бу вазият шундай қолади дегани эмас. Агар давлат раҳбари билдирган таклиф амалга ошса, ҳар бир ҳудуд ўз бюджетига эга бўлса, шу кунгача “уйқу”да ётганлар ҳам сергак тортади. Ён қўшнисининг кўчаси асфальт бўлгани, маҳалласи ободонлашаётгани, одамларнинг кайфиятини кўрган ҳар қандай одам унга тенглашишга, ҳатто ундан ўзишга ҳаракат қилади.

Соғлом рақобат муҳити ҳамиша тараққиётга хизмат қилади. Умуман, ҳамма ҳам барча инфратузилма ва қулайлик билан таъминланган ҳаётда яшашни истайди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлидаги собитқадамлик халқимиз учун мана шундай обод ва фаровон ҳаётни кафолатлайди.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 25.12.2024, №52

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш