2024 йилдаги натижалар янги куч беради
2024 йилдаги натижалар янги куч беради

 

Дунё мамлакатлари Янги йилни янги орзу-умидлар билан кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда. Янги йилбу янгиланиш, янги умидлар ва янги имкониятлар даври. Ҳар йили бўлганидек, Янги йил бўсағасида ўтган йилга якун ясалиб, келажак учун режалар тузилади.

Ватанимизда жорий йил қатор сиёсий, ижтимоий воқеаларга бой бўлди, деб айта оламиз. Халқимиз томонидан қабул қилинган янгиланган Конституция асосида Олий Мажлисга ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди. Сайловлар мамлакатимизда ижтимоий давлат қуришдек эзгу мақсадни ўз олдига қўйган меҳнаткаш халқимизнинг депутатларни демократик асосларда танлаб олиш имкониятидир.

Халқ демократик партияси ҳам ушбу сайловларга катта тайёргарлик билан иштирок этди. Маҳаллаларда юриб, фаоллар билан кенгашиб, бугун одамларни ўйлантириб турган муаммолар ва уларнинг ечими таклиф этилган Сайловолди дастури фуқароларимиздан “халқчил дастур” деган эътирофни қозонди.

Сайлов натижаларига эътибор берсак, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида номзодларимиз 20 ўринга эга бўлиб, Олий Мажлис Сенатига сайланган 16 нафар аёлларнинг етти нафари, яъни, 43,7 фоизи партиямиз вакилларидир.

Вилоятлар Кенгашларидаги 725 депутатлик ўрнидан 149 таси партиямизга тегишли бўлди. Бу 20,5 фоизга тенг бўлиб, иккинчи ўриндамиз.

Шуни ҳам эътироф этиш керакки, Андижон вилояти Кенгашида 27 фоиз, Наманган вилояти Кенгашида 25 фоиз, Сирдарё ва Хоразм вилоят Кенгашларида 23 фоиз депутатлик ўринларини партиямиз вакиллари эгалладилар.

Халқ демократик партияси туман (шаҳар) Кенгашларида янада муваффақиятли натижаларга эришди. Республика бўйича жами 4970 депутатлик ўрнининг 1023 таси партиямиз вакилларига насиб этди, бу 20,5 фоиз демакдир.

Туманлар миқёсида таҳлил қилинадиган бўлса, Бешариқ туманида номзодларимиз 25 ўриндан 10 тасига эга бўлиб, 40 фоизлик маррага етди. Данғара тумани, Пахтачи тумани, Учқўрғон тумани, Наманган тумани, Бойсун туманларида 36 фоиз, Шуманай туманида 35 фоиз, Олтинкўл, Янгиариқ туман Кенгашларида депутатларимиз жами сайланган депутатларнинг 32 фоизини ташкил этди. Бир қатор туманларда депутатларимиз 28-25 фоиз ўринларни эгалладилар.

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан барча ҳудудларда сайланган депутатлар учун ташкил этилган ўқув семинарларида депутатлар фаолиятини яхшилашга доир аниқ таклифлар олмоқдамиз.

Айниқса, устоз партиямиз сафидаги фахрийлар кўп яхши фикр ва таклифларини билдиришмоқда. Мисол учун, 84 ёшни қоралаган, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён депутатлик масъулиятини виждонан бажариб келаётган, ўз вақтида Сенат аъзоси бўлган сурхондарёлик депутатимиз Арзиқул Соатов бугунги кун депутати қандай бўлиши кераклиги ҳақида жуда муҳим тавсияларни илгари сурдилар, уларга тенгдош, худди шундай тажрибали депутат, Сенат аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов хотиралар ва тажрибаларига асосланиб, жамиятимизни ривожлантириш, ёшларга маънавий озуқа берувчи “Ҳаёт йўллари ва ўйлари” номли қўлланма яратдилар.

Бугунги кунда Халқ демократик партияси аъзоларининг 39 фоизини 30 ёшгача бўлган навқирон авлод ташкил этади. Албатта, сайловларда улар ҳам фаол иштирок этишди. Мисол учун, 24 ёшли Баҳромбек Садиллоев Ромитан туман Кенгашига, 26 ёшли Ҳусанов Шодонбек Қувасой шаҳар Кенгашига, 27 ёшли Олимов Облоберди Қува тумани Кенгашига депутат этиб сайланди.

Мамлакатимизда аёлларга яратилаётган кенг имкониятлар, аёллар учун ажратилган квоталар, аёлларни раҳбарлик лавозимларига кенгроқ жалб этишга қаратилган сиёсат, албатта, ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Бунга жорий йилги сайлов натижалари яққол мисол бўла олади.

Партиямиз вакилларидан вилоят Кенгашлари ва Тошкент шаҳар Кенгашига сайланган жами депутатлар сони 149 нафар бўлиб, улардан 45 нафари, яъни, 30,2 фоизи аёллардир. Туман Кенгашларига сайланган жами 1023 нафар депутатларимизнинг 325 нафари, яъни, 31,7 фоизи муҳтарама аёллардир. Яна шундай ажойиб мисолларни келтиришимиз мумкин, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган депутатларимизнинг тенг ярми аёллар, Мўйноқ, Бекобод туманларида эса бу кўрсаткич 100 фоизга тенг бўлди.

Республикамизнинг барча ҳудудларида аёллар сиёсий жараёнларда фаол иштирок этаётганини сайлов натижалари кўрсатмоқда. Боғот туманида 83,3 фоиз, Юнусобод ва Сергели туманларида 80 фоиз, Муборак, Когон, Оҳангарон туманларида 75 фоиз депутатларимиз аёллардир. Умуман олганда, деярли барча туманларда аёл депутатларимиз 50 фоизлик маррани эгалладилар.

Янги йил – “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили” бўсағасида турибмиз. Партиямиз сайловчилар томонидан “Халқчил дастур”, деб баҳоланган Сайловолди дастурини ижро этишга кучли шижоат билан киришди. Бу бўйича Амалий ҳаракат дастурини қабул қилдик. Сайловчиларга, халқимизга берилган ваъдаларни ёруғ юз билан бажариш ниятидамиз. Эзгу мақсадни амалга оширишда партиямизнинг барча аъзоларига, халқ ишончини қозонган депутатларимиз фаолиятига омад ва муваффақиятлар тилаймиз.

Янги йил она халқимиз, жонажон Ватанимиз, ҳар биримиз учун омадли ва баракали йил бўлсин!

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

«Ўзбекистон овози», 25.12.2024, №52

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш