Парламент Қонунчилик палатасининг янги таркиби қонун ижодкорлиги жараёнига қизғин киришиб кетди. Айрим лойиҳалар узоқ ва кенг қамровли муҳокама қилиняпти, фойдали баҳс-мунозаралар авжига чиқяпти.
Кеча палата мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Тан олиш керак, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни тўлашга ҳаммамиз ҳам, ҳар доим ҳам ҳафсала қилмаймиз. Тўловсиз эса тизим тўғри ишлаши қийин, дебитор қарздорлик кескин ошиб кетиши турли муаммоларни юзага келтириши мумкин. Масалан, тўлов интизомининг пастлиги хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда, асосий фондларни янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритиш имкониятларини чекламоқда.
Биринчи ўқишда депутатлар лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллаган бўлса-да, ўз эътирозларини ҳам баён қилган эди. Унга кўра, иккинчи ўқишгача бўлган даврда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ меъёрлар мустаҳкамланди.
Лойиҳанинг асосий меъёрларидан бири маиший чиқинди ташиш хизматидан қарздорлик учун истеъмолчини электр энергиясидан вақтинча узиб қўйиш билан боғлиқдир. Бу бир қарашда қўполроқ нормадек туюлиши мумкин, лекин хизматга ҳақ тўлаш, тозалик зарурати томондан қаралса, ҳаммаси тушунарли бўлади.
Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қарзни сўндирмаган истеъмолчини электр энергиясидан узиб қўйиш ортидан келган зарар учун истеъмолчини жавобгар қилиш меъёрлари олиб ташланган. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган ташкилотлар тўловларнинг ҳаққоний ва тўғри ҳисобланиши учун жавобгарлиги, мазкур талаблар бузилган ҳолларда истеъмолчига етказилган зарар қопланиши белгилаб қўйилмоқда.
Ўзбекистон ХДПнинг фракцияси йиғилишида ҳам мазкур масала кўриб чиқилган эди. Депутат Шарофиддин Назаров чиқиндилардан қарздорлик аниқланган тақдирда, истеъмолчини электр тармоғидан узилиши борасида мутасадди ташкилот вакилларига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
Депутатга кўра, биринчи ўқишдаги муҳокамада дахлдор ташкилот вакиллари тўловлар янги қонун кучга киргандан сўнг амал қилиши бошланишини айтган. Шунга асосан лойиҳада ушбу тартиб айнан қайси муддатдан бошланиши ҳақида меъёр йўқлиги қайд этилди. Агар аниқ муддат белгиланмаса, тушунмовчиликлар юзага келиши эҳтимоли эслатиб ўтилди.
Фракция аъзолари фикрича, ҳар бир ўзгартириш ва қўшимчалар аввало одамларга тушунарли тарзда баён этилиши зарур. Мисол учун, чиқинди олиб чиқиб кетувчилар кўрсатган хизмати учун тўлов мажбуриятлари ҳақида огоҳлантирувчи SMS хабар йўллаш амалиёти жорий этилиши белгиланмоқда. Ушбу меъёрга кўра, қарздорлик 5 кун муддат ичида бартараф этилмаган тақдирда электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий меъёрлар татбиқ этилади. Одамларни бошқа бир йўналишдаги қарздорлиги учун электр таъминотисиз қолдириш жиддий масала эканини инобатга олиб, тарғибот ва тушунтириш ишларига кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Муҳими, жавобгарликни белгилаш эмас, қарздорликни вақтида қоплаш эканини унутмаслик кераклигига урғу берилди. Билдирилган таклиф, фикр ва мулоҳазалардан сўнг лойиҳа маъқулланди.
Қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади
Президентнинг тегишли фармони билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш чоғида айбланувчи ва судланувчини ҳибсхонага жойлаштиришдан олдин уни тергов ҳибсхоналарининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жорий этилиши белгиланган эди. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Палата мажлисида ҳамда аввалроқ бўлиб ўтган фракция йиғилишида қатор қонун лойиҳалари билан бирга мазкур масалани ўз ичига олган «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида»ги лойиҳа ҳам муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин қийноққа солиш ёки бошқа ҳолатлар натижасида олинган жароҳатлар, шикастланишлар ва яраларни аниқлаш мақсадида тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланмоқда. Эътиборлиси, бу жараёнда адвокатнинг иштироки таъминланади ва кўрик замонавий аппаратлар ёрдамида олиб борилади.
Яна бир жиҳати, бу босқичда тезкор чора кўриш мақсад қилинган. Яъни, тиббий кўрикни ўтказиш учун вақт белгилаш таклиф этилмоқда. Унга кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига олиб келингандан бошлаб бир соат ичида тиббий ходим томонидан мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши мумкин.
Бироқ фракция аъзоси Зуҳра Шодиева лойиҳада кўрсатилган бир соат айрим жароҳатлар, масалан, бош чайқалиши ёки ички органлардаги ўзгаришларни аниқлаш учун камлик қилишини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, вақт масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Бундан ташқари, тиббий кўрик хулосасини қамоққа олинганнинг адвокати талабига асосан тақдим этилишига оид меъёр бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Масъуллар навбатдаги ўқишга қадар мутахассислар билан келишиб, таклифни инобатга оладиган бўлди.
Қайд этилишича, расмийлаштирилган тиббий хулосанинг биринчи нусхаси мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилган қамоққа олинганга таништирилиб, унинг йиғма жилдига тикилиши, иккинчи нусхаси мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилган қамоққа олинганни олиб келган ходимларга берилиши белгиланмоқда.
Агар қамоққа олинган шахснинг танасида жароҳатлар, шикастланишлар ва яралар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда қайд этилиб, бу ҳақида қамоққа олинганга маълум қилиниши ва зудлик билан прокурорга хабар берилиши мумкин.
Лойиҳада яна бошқа меъёрлар ҳам ўрин олган бўлиб, барчаси инсон муҳофазаси, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билдирилди.
Солиқ тизими такомиллаштирилади
Тадбиркор, аввало ўзи ва яқинларини, йирикроқ бизнес эгалари эса бошқаларни ҳам иш билан таъминловчи шахсдир. Халқ демократик партиясининг дастурий ғояларидан бири аҳоли бандлигининг юқори даражасига эришишдир. Фракция аъзолари қуйи палатага киритилган навбатдаги қонун лойиҳасини ана шу нуқтаи назардан муҳокама қилди.
Лойиҳа солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик чораларини, молиявий санкциялар ва маъмурий жарималарни тўлиқ хатловдан ўтказиб, жавобгарлик чораларини адолатлилик тамойили асосида белгилашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбиркорлик субъектлари айнан бир ҳуқуқбузарлик учун бир неча марта жавобгарликка тортилишининг олдини олиш муҳим. Депутатлар бу каби ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакатимизда ишчанлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилишини эътироф этди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Зўравоннинг уйида қолишга мажбур эмас
Олий суднинг матбуот хизмати йил бошида берган статистик маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда 203 нафар шахс оиладаги зўравонлик бўйича Жиноят кодексига мувофиқ судланган. Уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлиб, 144 киши озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони олган. Шунингдек, 8928 киши маъмурий жавобгарликка тортилган.
Тўғри, аёлларга ҳимоя ордери бериш тизими ишга тушди ва бу кўплаб опа-сингилларимиз саломатлиги ва ҳаётини ҳимоялашга хизмат қилмоқда. Бироқ борарга жойи йўқ бўлган аёллар зўравоннинг уйида қолишга мажбур бўлмоқда. Афсуски, бир марта кўтарилган қўл яна шу ишни қилмасликка, хотинига зуғум қилган шахс биргина ордер билан уни тинч қўйишига кафолат йўқ. Оиладаги зўравонликка қарши курашиш чораларини янада такомиллаштириш ҳамда кучсизларни муҳофазалашни кучайтиришга эҳтиёж бор.
Палата мажлисида ушбу масала, яъни, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳага кўра, Оила кодексининг 41-моддасига оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган эр ёки хотиннинг талабига кўра, суд томонидан ишни кўришда ярашиш учун муҳлат тайинланмасдан қарор чиқарилиши кўзда тутилган, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган норма таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Уй-жой кодексига турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда, қарздор (мулк эгаси бўлган эр ёки хотин)нинг ташаббусига асосан ушбу турар жойни муносиб шароитга эга бўлган бошқа турар жойга алмаштириш мумкинлиги ёки тарафларнинг келишувига асосан ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини қарздорга юклаш бўйича меъёр киритилмоқда.
Соддароқ айтганда, энди зўравонликка учраган шахс, кўп ҳолларда бошпанасиз қолишдан қўрққан аёл, зўравоннинг ёнида, у билан бир уйда қолишга мажбур бўлмайди. Тарафлар келишган ҳолда бошқа жойда яшаши ҳам мумкин.
Депутатлар ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди, пухта кўриб чиқишни сўраган ҳолда, лойиҳани концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 25.12.2024, №52