Томорқага меҳр мўъжиза яратаркан
Томорқага меҳр мўъжиза яратаркан

 

Таҳлилчилар ҳар мавсумда 1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад олса бўлишига ишонтиришмоқда. Уларнинг фикрича, ўртача 20 сотих томорқада 3 марта ҳосил олиш орқали, йилига 50-60 миллион сўм даромад топиш мумкин.

Кейинги вақтларда Сайхунобод тажрибаси ҳақида кўп гапирилмоқда. Жорий йилнинг бошида давлатимиз раҳбари Сирдарёга ташрифи давомида Сайхунобод тумани «Иттифоқ» маҳалласида бўлиб, томорқа ва уй хўжаликлари билан танишиш асносида «1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад» мезони асосида бизнес режа ишлаб чиқишга доир тавсиялар берган эди.

Аҳолининг бўш турган томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, даромадини ошириш, энг асосийси, ердан самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклаш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини кучайтириш борасида Сайхунобод тажрибасини йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берилди.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Бу тажриба ҳақида мутахассислар ҳам, халқимиз ҳам яхши фикрларни айтаяпти, кўпчилик бундан хурсанд. Бу, айниқса, вақтинчалик ишсиз, кам даромадли кишилар ҳаётини яхшилаш, оилалар фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки, эътибор ва имкониятлар туфайли қишлоқларда томорқачилик янада ривожланди, бўш турган ерларига фойдали экин турларини эккан, чорвачилик, асаларичилик, паррандачилик, қуёнчилик йўналишида иш бошлаган, иссиқхона хўжалигини ташкил этган, ҳунармандчилик, тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйган, жуда кўп бўлмаса-да, даромад топиб, фаровончиликка эришаётганлар кўп бўлди. Умуман, томорқа хўжалигидан оқилона фойдаланиш, уни даромад манбаига айлантириш аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омили эканлиги амалда ўзини тўла оқлади.

Тажриба фақат шу ҳудуд билан чекланиб қолмади, бу ердаги амалиёт бора-бора бошқа ҳудудларга ҳам кенг татбиқ қилинди. Масалан, «Сайхунобод» ва «Уйчи» тажрибалари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича 9 445 та маҳаллада уч томонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Яъни, бу ҳокимлик, банк филиали раҳбари, маҳалла раиси билан.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг 10 ойи давомида амалда 4,1 млн нафар аҳоли бандлиги таъминланди ҳамда 2,4 млн нафар аҳоли бизнесга жалб қилинди.

Сайхунобод тажрибаси, аввало, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадини кўзлайди. Бу одамларга томорқасидан унумли фойдаланиб, ўз ижтимоий аҳволини яхшилашни ўргатадиган тажриба. Ердан унумли фойдаланиб, экспортбоп ва сердаромад экинлар экиб, пул топишни ўрганиш ва оилаларнинг молиявий аҳволини яхшилаш кўзда тутилган. Келинг, натижалар билан фикримизни изоҳлаймиз.

Хусусан, «Сайхунобод тажрибаси»ни жорий этиш орқали асосан октябрь ойида амалда 380,0 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди, шундан 255 минг нафар аҳоли бизнесга жалб қилинди. Ҳар бир маҳаллада кичик ишлаб чиқариш, хизмат ва савдо объектларини ташкил этиш учун 40,6 мингта микролойиҳага 928 млрд сўмлик кредит ажратилиб, 65,8 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.

Ер аслида хазина. Ундан оқилона фойдаланиш, уни даромад манбаига айлантириш аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омили эканлиги Сайхунобод тажрибаси мисолида ўзини амалда тўла оқлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, жойларда камбағал оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик учун 50 минг гектар ер ажратиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, 9 та тижорат банклари ҳар бир ҳудудда 1 тадан жами 14 та «супер лойиҳа»ни амалга оширди. Ушбу лойиҳалар учун 718 нафар аҳолига ижарага берилган 222 гектар ер майдонлари танлаб олиниб, 14 та агрегаторлар бириктирилган ва маҳсулотларни сотиб олиш бўйича ер эгалари билан агрегаторлар ўртасида фьючерс шартномалари имзоланган.

Биламизки, бу йил Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳалланинг ҳар бирига 1 тадан мини-трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб берилди. Ушбу техникалар томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатиб келмоқда. Хуллас, иш қизғин.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, ҳар бир хонадонда табиий иситиладиган кичик иссиқхоналар барпо этиш йўлга қўйилди. Бу иссиқхоналар турли хил эрта пишар кўчатлар билан таъминланди. Кўп қаватли уйларда яшовчилар учун ҳам имкониятига қараб суғориладиган экин майдонларидан ерлар ажратиб берилди. Яна бир муҳим жиҳат, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши учун маҳаллаларга банклар бириктирилди. Ушбу банклар одамларнинг деҳқончилик, чорвачилик, тадбиркорлик каби йўналишлардаги бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга кўмак бериб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун сайхунободликлар янги тажриба ва янги ўзгаришлар руҳи билан яшамоқда, эртанги кунга меҳнатга иштиёқ билан, катта шижоат ва ғайрат билан қадам қўймоқда.

 

Юсуф МИРЗАЕВ,

деҳқон:

– Томорқамда тўрт сотих майдонга иссиқхона қургандим. Оила аъзоларим билан эрта пишар помидор кўчати экдик. Уч марта ҳосилини йиғиштириб олганимдан сўнг иссиқхона учун сарфлаган маблағим қопланди. Ерни боқсанг, ер сени боқади дейишадику. Ерга меҳр бериб, қарадик, мана энди самарасини кўряпмиз. Ҳали яна икки марта ҳосил йиғиштириб олиш имкониятимиз бор. Меҳнатимиз натижасини кўриб, ернинг ҳар қаричидан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Бўш қолган жойларга болгар қалампири, гармдори, бақлажон ҳам экканмиз. Уларни ҳам пешма-пеш йиғиштириб, бозорга чиқараяпмиз.

Хуллас, ҳаммамиз, бутун оиламиз билан оила бюджетига, даромадига ҳисса қўшиш учун ҳаракат қиляпмиз. Ўтиргандан, бекорчиликдан нима фойда.

Томорқамнинг ҳар қарич ери мен учун олтинга тенг, унинг ҳар қаричини яхши кўраман. Шундай пайтда ишлаган сари ишлагинг келади-да...

Бугун бундай илиқ гапларни нафақат сайхунободликлар, балки бошқа кўплаб юртдошларимиздан эшитиш мумкин. Натижа бўлаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 25.12.2024, №52

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш