Кейинги беш йилда Ўзбекистонда олий таълимда муҳит ва кайфият бутунлай ўзгариб кетди. Йилдан-йилга олий таълим муассасаларига ўқишга кираётган ёшларнинг сони ўсиб бормоқда.
2017 йилда ОТМ сони 77 та бўлиб, олий таълимда таҳсил олиш истагида бўлганлар сони бир неча баробар кўп эди. Бугунга келиб, 210 та олийгоҳда турли соҳа мутахассислари етишиб чиқмоқда. Натижада қабул квоталари 4 баробарга ошди. Шунингдек, ўтган йили ОТМларга 1 миллиондан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган бўлса, 300 мингдан зиёди ўқишга қабул қилинди. Демак, аввалгидек ҳар 10-11-эмас, ҳар учинчи абитуриентда талаба бўлиш имкони юзага келди.
Квоталар сонигина эмас, таълим стандартлари ҳам ўзгарди. Мазмун жиҳатидан яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари 40 фоизгача (306 тадан 183 тага) мақбуллаштирилди. 183 та таълим йўналиши ва 546 та мутахассислик бўйича малака талаблари, 1 278 та ўқув режа ва 4 мингдан ортиқ ўқув дастур (силлабус)лари тасдиқланди. Шу билан бирга, 7 та олийгоҳдаги 39 та таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди.
Кеча ва бугун
Келинг, бир неча йил аввалига назар солайлик ёки ўзимиз, ука-сингилларимиз ўқишга кириш учун қанчалар қийналганини эслайлик. Айниқса, Ўзбекистонда юқори демографик ўсиш кузатилган, бироқ олий таълим қамрови ўзгаришсиз қолаётган даврларни тасаввур қилинг.
Ўшанда ОТМларга ўқишга кириш жуда мураккаб, кимлар учун ҳаттоки имконсиз орзуга айланиб қолган эди. Квоталар кам бўлгани сабабли қабул имтиҳонларини мураккаблаштириш, мактаб дарсликларига мутлақо бегона бўлган мавзуларда саволлар тузиш авжига чиқди. Ана шу каби муаммолар туфайли баъзи уддабурон мутасаддиларнинг натижаларга таъсир қилиш имкони юзага келди. Охир-оқибат имкони борлар боласини имтиҳонга тайёрлаш баробарида катта пул ёки катта “танка” топиш пайига, ёшлар эса умидсизликка тушиб қолди.
Давлатимиз раҳбари ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, зудлик билан олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш чорасини кўрди. Мақсад имтиҳонларни ошкора ва шаффоф тарзда ўтказиш орқали чинакам билимли ёшларни олий таълимга қамраб олишдан иборат эди.
Бугун ҳамма тенг. Жумладан, абитуриентлар бинога киришда шахсни идентификациялаш қурилмалари ёрдамида текшириляпти. Олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари очиқ майдонли биноларда ўтказилмоқда ва буларнинг барчаси онлайн кузатув орқали назорат қилиняпти. Боланинг ота-онаси, яқинлари, умуман, имтиҳонни кузатиш истагида бўлганлар учун жараёнлар катта мониторларда, интернет тармоғи ва телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда.
Буларнинг барчаси техник жиҳатлар бўлса, абитуриентларнинг билими, заковатидан келиб чиқиб, қўшимча имкониятлар ҳам йўлга қўйилди. Мисол учун, уларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Талаба бўлиш истагидаги ҳар бир йигит-қиз ўз билим доирасини, имкониятларини яхши билади. Ана шу асосида имтиҳон йўналиши тўғри келган 5 та ОТМга ҳужжат топшириши мумкин. Бу эса имкониятларни ҳам 5 карра оширади.
Ёдингизда бўлса, бир неча йил олдин 1 август куни ҳамма имтиҳонга шошар эди. Кўчалар тирбанд, шаҳарларга қатнайдиган жамоат транспортларида жой йўқ, йўналишсиз таксиларнинг нархи осмонга кўтарилган, узоқдан келганлар учун эса тунаб қолишга жой топиш муаммо бўларди. Одамларнинг сарсон бўлгани етмагандек, жуда катта пул сарфлашига ҳам тўғри келган. Бугун эса вазият бошқача. Имтиҳон ҳамма учун бир кунда бўлиши шарт эмас. Натижалар эса 15-20 кунлаб куттирмайди. Хуллас, одамларнинг вақти ҳам, нақди ҳам тежаладиган тизим ишлаяпти.
Янада адолатли бўлиши учун...
Соҳани янада адолатли қилиш мақсадида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Яъни, “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2024-2025 ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат буюртмаси параметрларини давлат ОТМлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилди.
Шунингдек, давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилмоқда. Ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи ОТМига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат берилди. Энди қайси соҳа бўйича қанча мутахассис кераклиги, уларнинг даражаси ҳақида янада аниқ хулоса юзага келади.
Табиийки, бу жараёнда бўлғуси талабаларнинг билим даражаси ҳам муҳим саналади. Яъни, давлат гранти квоталарининг ОТМлар кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади. Энди давлат гранти ўринлари энг юқори балл тўплаган абитуриентлар танлови асосида белгиланади ва 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотлари талабаларига давлат грантини ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратиш йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган баллидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.
Асосийси, мақсад фақат олий таълим эгаларини кўпайтириш билангина чекланмайди. Мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунки тараққиётга интилаётган давлатлар биринчи навбатда инсон капиталига сармоя йўналтиради. Зеро, айнан инсон капиталининг қай даражада ривожлангани мамлакатнинг истиқболини белгиловчи муҳим омилдир.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 25.12.2024, №52