Доимий комиссия йиғилишида ХДП депутатлари ўз таклифларини билдирди

 

Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари ҳамда Ижтимоий соҳа ёшлар сиёсати, маданият спорт масалалари бўйича доимий комиссияларининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.

Комиссия йиғилишида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритилиши режалаштирилган масалалар кўриб чиқилди.

Аввало, Чортоқ тумани Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг 2025 йил учун туман маҳаллий бюджетини тасдиқлаш билан боғлиқ масала муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон ХДП гуруҳи электорати манфаатларидан келиб чиқиб, саволлар, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағлар миқдори ва мақсадлилиги юзасидан таклифлар берилди.

Шу билан бирга, 2025 йил учун юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлари учун базавий солиқ ставкаларини белгилаш юзасидан таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги яна бир масала туман оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, аҳволи яхшиланган опа-сингилларимизни дафтардан чиқаришга оид чора-тадбирларга қаратилди.

Комиссия йиғилишида Чортоқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Файзуллахон Баҳодиров ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сессия ишига киритилишидан олдин ҳар бир масала яна бир карра кўздан кечирилиши кераклиги таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш