Маҳаллий Кенгашлар катта куч ва салоҳиятга эга. Биз уларнинг имкониятларидан унумли фойдалансак, ютуқларимиз салмоғи ошади, ҳудудлар тараққиётига хизмат қиладиган ташаббусларимиз кенгаяди, жойларда аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар бартараф этилади.
Хўш, маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш учун нималарга эътибор қаратишимиз талаб этилади? Бу борада қандай вазифалар олдимизда турибди?
Биламизки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида депутатлар фаолиятини яхшилаш, маҳаллий Кенгашлар нуфузини ошириш, ваколатларини кенгайтириш каби долзарб вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, бугун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ЎзХДП гуруҳларидаги муҳит ва кайфият ҳам янгиланмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Эътибор қилсак, кейинги пайтларда мамлакатимизда ислоҳотларнинг марказий нуқтасига чиқаётган муҳим соҳаларда депутатлик назорати олиб борилди ва улар сессиялар кун тартибига киритилди. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан 562 та масала сессия кун тартибига олиб чиқилди. 612 та масала доимий комиссияда, 686 та масала эса депутатлик гуруҳи йиғилишида муҳокама этилди.
Фуқароларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани депутатлик назоратини олиб бориш давомида янада яққол кўринади. Қонунлар, қарорлар, дастур ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг ижросини, яъни, рўёбини билиш учун кўпроқ одамлар орасида бўлиш, ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориш керак. Муҳими – мана шу ишни сидқидилдан бажаришда.
Албатта, депутатлик назоратини олиб бориш жараёнида депутатларимиз, фаолларимиз устувор ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўз позициясини эркин билдирмоқда ва ҳимоя қилмоқда. Буларнинг барчаси партияларнинг электорати олдидаги масъулиятини ошириши аниқ.
Дастурлар ижроси қатъий назоратда
Биламизки, ҳудудларни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида давлат ва маҳаллий дастурлар қабул қилинади. Албатта, уларни ҳаётга татбиқ этиш, белгиланган ҳар бир вазифани сидқидилдан ва ўз вақтида бажариш муҳим аҳамиятга эга. Гап давлат ва жамият манфаати, одамларимизнинг бугуни ва келажаги ҳақида кетганда бунга бефарқ қарашга ҳақимиз йўқ.
Хўш, дастурлар ижросини ким назорат қилади? Албатта, депутатлар.
Тўғри, бундай ваколатга парламент қуйи ва юқори палатаси ҳам, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам бевосита ваколатли. Аммо маҳаллий Кенгаш депутатларининг бу жараёндаги ҳиссаси ниҳоятда катта. Чунки улар бевосита аҳоли орасида фаолият юритади, улар билан елкама-елка туради, одамларнинг дард-у ташвишини ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Қисқа қилиб айтганда, улар ҳар куни реал ҳаёт билан юзма-юз келади. Шунинг учун жойлардаги ҳақиқий аҳволдан хабардор бўлиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш, бу борада асосли таклифлар билан чиқишда халқ вакилининг ўрни ниҳоятда катта. Дастурлар ижросини назорат қилишда уларнинг кучи ва салоҳиятидан фойдаланиш энг тўғри ва самарали йўлдир.
Маълумки, маҳаллий Кенгашлар 15 дан ортиқ масалалар бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга. Айтайлик, аҳоли бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш ҳам бевосита маҳаллий Кенгашлар зиммасидаги ваколатлардан бири. Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП депутатлари томонидан бандлик билан боғлиқ юзга яқин масала ўрганилди. Депутатлик назорати давомида маълум бўлган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича асосли таклифлар тайёрланиб, сессиялар муҳокамасига киритилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, ижтимоий рўйхатларга кирадиган ҳар бир оила, аёл, ёш бўладими, барча-барчаси ўша ҳудуддаги маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан очиқ ўрганилиб, Кенгашда муҳокама қилиниши ва ҳақиқатан муҳтожларга ёрдам кўрсатилиши керак. Шундан келиб чиқиб, депутатларимиз томонидан айни соҳага алоқадор 130 дан ортиқ масала ўрганилди.
Албатта, депутат сайловчилари олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаол ишласа, вақтида берилган ваъдаларининг устидан чиқса, жонкуярлик, фидойилик кўрсатса, халқда унга нисбатан ишонч уйғонади, обрў-ҳурмати ошади. Биз ҳам ана шу мезон асосида ишлашимиз давр талабидир. Агар Кенгашлар уйғоқ бўлса, ҳудудлар ривожланади. Депутатлар фаол экан, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топилади.
Долзарб масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда
Тўғрисини айтсак, бугун маҳаллий Кенгашлар илгарига қараганда анча фаоллашган. Кенгашларда бир қатор долзарб масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда, қарорлар муҳокама учун тақдим этилмоқда. Йиғилишлар анча мунозарали, савол-жавоблар билан қизғин кечмоқда.
Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида ижро ҳокимияти вакиллари ҳисоботлари 526 марта эшитилди. Лекин шуниси ҳам борки, фақат сессияларда ҳисобот бериш, қарор қабул қилиш билан иш битмайди. Албатта, уларнинг ижроси назоратга олиниши, бир масаланинг ечими учун охиригача курашиш керак бўлади. Албатта, бу йўлда тўхтаб қолиш керак эмас, ҳар доим ўзгаришлар, янгиланишлар томон юриш зарур.
Унутмайлик, реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан узилиб қолмай ҳаракат қилган депутат асло кам бўлмайди.
Жаҳонгир ОЛИМОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.
«Ўзбекистон овози», 25.12.2024, №52