Янги таркибдаги депутатлар сайланганига ҳам икки ой бўлиб қолди. Шу вақт давомида партиялар маҳаллий Кенгашларда ўз депутатлик гуруҳларни тузиш билан бир қаторда фаолиятни ҳам бошлаб юборди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши эса келгуси 5 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқди. Уни жойларда тушунтириш, тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. Хусусан, депутатлик бирлашмалари билан ишлаш бошқармаси ҳар бир ҳудудда депутатлар иштирокида ўқувлар ўтказди. Қорақалпоғистонда бошланган семинар бир ой давомида барча вилоятларни қамраб олди. Сирдарёда бўлиб ўтган ўқув уларнинг охиргиси бўлди.
Семинарда депутатлик фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этишга қаратилган масалаларда сўз юритилди. Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова, бошқарма бошлиғи Мавжуда Ҳасанова ҳамда ҳудуд масъуллари партия дастурий ғоя ва мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш, электорат манфаатларини ҳимоялаш, депутатлик бирлашмалари ҳамда партия ташкилотлари ўртасида тизимли ҳамкорлик олиб бориш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, тажрибаларини ўртоқлашди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари ходимларининг таклифлари, жойлардаги ҳолат бўйича фикрлари ўрганилди. Олинган таҳлилий хулосалар асосида иш ташкил этишга келишилди.
Сирдарёлик депутатлар ўз ҳудудидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифларини билдирди. Иш самарадорлигини ошириш юзасидан муҳокамалар ўтказилди.
Мулоқот тарзида бўлиб ўтган семинарда ислоҳотлар самарадорлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш кўпроқ ҳудудларнинг ташаббусига боғлиқ экани тушунтирилди. Бу борада барчадан фаоллик талаб этилиши таъкидланди. Ўз ўрнида, сирдарёлик депутатлар жамият тараққиёти, сайловчилар ишончини оқлашга хизмат қилувчи ҳар қандай ташаббусга тайёр эканини қайд этди.