Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилмоқда. Тиббий хизмат, соғлиқни сақлаш тизими замон талаблари мос равишда такомиллашиб боряпти. Эътиборлиси, бугун одамларнинг тиббий маданияти ҳам анча юқори. Бу борада уларни қўллаб-қувватлаш, профилактик тадбирларни мунтазам йўлга қўйиш саломатликни сайлашда муҳим саналади.
Ўзбекистон ХДП айни ушбу йўналишда қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Анъанавий тарзда жойларда ўтказилаётган тиббий кўрик акциялари ана шулар жумласидандир. Партиянинг Тошкент вилоят кенгаши ҳамда вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Ш.Абдураҳимова ташаббуси билан Оҳангарон туманида тиббий акция ташкил этилди.
Унда туманининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатлами иштирок этди. Фуқаролар 20 нафар тор доирадаги юқори малакали мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Хусусан, иштирокчиларга туман Тиббиёт бирлашмасида Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан бепул ташхис ва маслаҳатлар берилди. Хонадонларга борилиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олинди, уларнинг саломатлиги назоратдан ўтказилди. Ҳар бир беморга алоҳида тавсиялар берилди.
Вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларидан келган шифокорлар билан ўтказилган тадбирда оториноларингология ва бош-бўйин касалликларини даволашнинг ўзига хос хусусиятлари, бу борадаги замонавий тиббий технологияларни амалиётга жорий этиш ва бошқа бир қатор долзарб мавзуларда суҳбатлар бўлиб ўтди. Шунингдек, марказ ходимлари томонидан маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтилиб, ўзаро тажриба алмашилди.
Шу куни тумандаги 200 нафардан ортиқ фуқарога тиббий хизматлар кўрсатилди.