Ҳар бир инсон янги йилни кутиб олар экан, албатта тугаётган йилда нималарга улгурдим нималарни бой бердим, деб ўзига савол беради. Ваҳоланки, ҳар бир ўтган йил инсоннинг ҳаётида янги бурилишларга, ўзгаришларга сабаб бўлади. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик қабулхонаси билан ишлаш бўлими фаолиятида ҳам ўзига хос натижалари билан тарихдан жой олмоқда.
Хусусан, ютуқлардан ҳаловатга берилмай, бой берилган имкониятлар хулоса чиқариб, 2025 йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан режалар тузиб олдик. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, депутат бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир. Янги йилда ушбу тамойилни ҳаётий принципга айлантиришни мақсад қилдик.
Маълумки, кейинги вақтларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бера бошлади. Бу борадаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаш томонидан барча минтақаларда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаси даражасини ошириш мақсадида ўқув-семинарлар ташкил этишдан бошланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Маълумки, депутатлар турли соҳаларда фаолият юритувчи, тажрибали, фидойи, жамиятда ҳурмат қозонган ва обрў-эътиборга эга шахслар орасидан сайланади. Лекин улар депутатлик фаолиятини қандай олиб боришлари бўйича алоҳида ўқитилмайди, бу борада халқ ноиблари ҳаёт мактабида олган билимларига таянишади. Шундан келиб чиқиб, улар билан яқиндан танишиш, қалбидагини ўрганиш, ният ва мақсадларини билишга ҳаракат қилдик.
Шунингдек, депутатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш фаолиятида амалга оширадиган ишлари, ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар берилди. Учрашувларда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан жуда кўп таклифлар билдирилди. Бу таклифлар келгусида иш фаолиятимизни янги усулда давом эттиришга асос бўлади.
Жумладан, Тошкент вилояти Пискент туманидаги партия гуруҳи раҳбари Д.Комилова чекка ҳудудларда тиббиёт ходимлари етишмаётгани ва бу масалани ўрганиб чиқиш зарурлиги тўғрисида, вилоят депутати А.Носиров ёш депутатларни устоз-шогирд тамойили асосида ўқитиш, уларга йўл-йўриқ бериш таклифини илгари сурди. Паркентликлар эса депутатлик гуруҳи йиғилишларида ҳудудлардаги муаммоларни ўрганилиши ва уни таҳлили жараёнида вилоят ва Олий Мажлис депутатларини ҳам жалб этиш таклифини берди.
Фарғоналик депутатлар ўрта таълим мактабларида билим олаётган юқори синф ўқувчиларини қизиқишларидан келиб чиқиб, жамоатчилик ва депутатлар томонидан мониторинглар ўтказган ҳолда уларни тоифаларга ажратиш керак, деб ҳисоблашини айтди. Масалан, бунда “Таълим олишга қизиқувчи ёшлар”, “Касб-ҳунарга қизиққан ёшлар” ёки “мақсадсиз ёшлар” тоифасига ажратилиб, ҳар бири билан индивидуал ишлаш талаб этилади. Ҳар бирининг қизиқишига кўра устозлар бириктирилиши ва уларга амалий ёрдам кўрсатилиши фарзандларимизнинг ҳаётда йўлини топишда қийинчиликларга дуч келишининг олдини олади.
Ҳар бир ҳудуднинг ўз имконияти бўлганидек, ечимини кутаётган масалалари ҳам турлича. Шуни эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳлари билан бирга ўрганишларни манзилли ташкил этишни режалаштирганмиз. Сонга эмас, кўпроқ сифатга урғу бериш, ўрганишнинг ижроси, натижаси учун ҳаракат қилиш бош мақсадимиз этиб белгиланди. Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўртасида доимий алоқани ўрнатиш орқали электоратимиз манфаатларига хизмат қиладиган ташаббусларни, қонунчилик таклифларини кўпайтириш имкони юзага келади.
Умуман олганда, янги йилда ҳисобот учун эмас, натижа учун, ҳаловат учун эмас, сайловчиларнинг розилиги учун ишлашни бурч сифатида белгиладик.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.