“Уй-жой сотиб олишда янги “Escrow” тизими асосида аҳоли маблағлари кафолати таъминланади”
  “Уй-жой сотиб олишда янги “Escrow” тизими асосида аҳоли маблағлари кафолати таъминланади”

 

Бугунги кунда аҳоли томонидан уй-жойларга талаб кўплигидан фойдаланиб, бу соҳада инсофсиз бизнес қилаётганлар хам йўқ деб бўлмайди.

Ушбу йўналишда тўлов тизими тартибга солинмагани, рақамлаштириш ва очиқ-ошкоралик қонунчилик билан тартибга солинмагани бунга йўл очиб бермоқда.

Янги уйларни олмоқчи бўлган фуқаролар пулларини банк орқали эмас, аксинча тўғридан-тўғри қурувчиларга бераётгани учун ҳам айрим ҳолларда муаммолар юзага келмоқда.

Агар рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, аҳоли ва қурувчилар ўртасида юзага келиб, судда кўрилаётган низоли ҳолатлар сони йилдан-йилга ўсиб бораётганини кўришимиз мумкин. 2020 йилда 5 та, 2021 йилда 29 та, 2022 йилда 76 та ва 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 93 тани ташкил этган.

Аксарият холларда эса уйларни топшириш муддатлари кечикиб, фуқароларимиз тўлаган пуллар музлаб турибди.

Мамлакатимиз аҳолиси дунёда шиддат билан ўсиб бораётган давлатлар қаторидан жой олганлиги ҳеч кимга сир эмас. Эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда аҳолимиз сони 37 миллиондан ошиб, шу йилнинг ўзида 215 минг янги оила пайдо бўлди. Статистик таҳлилларга кўра 2040 йилга бориб юртимиз аҳолиси сони 50 миллионга етиши ҳисоб-китоб қилинмоқда. Ушбу кўрсаткич албатта юртимиз аҳолисини уй-жойларга бўлган талабини ошишини англатади.

Шу билан бирга жорий йилда 100 минг хонадонли, келгуси йилда эса 120 минг хонадонли кўп-қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги ислоҳотлар асосида мамлакатимизнинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Йирик инвестиция оқими кириб келмоқда. Юртимиз том маънода қурилиш майдонига айланди. Кўплаб турар-жой бинолари қад ростламоқда.

 

Аммо бу соҳада тизим етарли эмаслиги, қонунчиликда бўшлиқлар мавжудлиги сабабли фақатгина қурувчиларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини кўришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда кўплаб хорижий мамлакатларда “Escrow” тизими тажрибадан ўтган бўлиб, унга кўра буюртмачи ва тижорат банки ўртасида тузиладиган шартномага асосан ҳар бир қурилиш иншооти бўйича “Escrow” ҳисоб-варағи очилади.

Кўчмас мулк учун келишилган маблағлар ушбу ҳисобварақ орқали амалга оширилади. Унда йиғиладиган маблағлар асосида тижорат банклари буюртмачиларга пасайтирилган фоизларда кредит тақдим этади. Қурилиш битгач харидорнинг ҳисобварағидаги пул девелопер ташкилотига ўтказилади.

 

Шу билан бирга, амалиётда баъзи қурувчи ташкилотлар томонидан уларга ишониб топширилган маблағларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Оқибатда, улар идорама-идора юриб сарсон бўлишига олиб келмоқда. Бу эса инсонларни оғир вазиятда қолдиряпти. Шунинг учун ҳам жорий этилиши белгиланаётган ушбу “Escrow” тизими ҳар икки томоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади.

“Escrow” махсус банк ҳисоб рақами орқали амалга ошириладиган тизимдир. Бу ерда банк харидор ва қурувчи ўртасида воситачи бўлади.

Харидор пулни тўғридан-тўғри қурувчига эмас, балки банкдаги эскроу ҳисоб рақамига тўлайди. Қурилиш якунланиб, уй-жой харидорга топширилганидан кейингина пул қурувчига ўтади. Агар қурувчи ўз мажбуриятларини бажармаса, пул тўлиқ харидорга қайтарилади.

Бу жараёнда банкларнинг роли муҳим аҳамиятга эга.

“Escrow” ҳисоб рақамида тўпланган маблағлар асосида банклар қурувчига ресурс ажратади. Бу пулнинг самарали бошқарилишини таъминлайди ва қурилишнинг ўз вақтида тугалланишига ёрдам беради. Бундай тизим харидорнинг ҳам, қурувчининг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

 

Шокиржон АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ХДП Фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш