Сўнгги йилларда мамлакатда қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, барча босқичларда шаффофликни таъминлашга қаратилган улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган қисқа даврда соҳага доир кўплаб Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Янги таҳрирда қабул қилинган Шаҳарсозлик кодекси эса ушбу соҳада бутунлай янги даврни бошлаб берди.
Ушбу соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Масалан, охирги етти-саккиз йилда юртимизда қарийб 100 миллиард долларлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Шу даврда қурилиш материаллари саноатига 9 миллиард доллар сармоя киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга туширилди ва 94 минг доимий иш ўрни яратилди.
Ўтган қисқа даврда мазкур йўналишда катта натижалар, улкан ютуқларга эришилди. Аммо шунга қарамай, айрим муаммолар ҳам борки, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, охирги вақтларда ОАВда янги қурилаётган уй-жойлар сотувида харидорларни алдаш ҳолатлари бўйича турли хабарларни тез-тез ўқиб, эшитиб қоламиз.
Фуқароларимиз айрим нопок қурилиш корхоналарининг ваъдаларига ишониб, ҳали қурилиши бошланмаган уй-жойлар учун шартнома тузиб, олдиндан катта миқдорда тўлов қилиб қўймоқда. Айрим қурилиш корхоналарининг пулларни мақсадсиз сарфлаши, талон-торож қилиши ёки уларни банкротга учраши оқибатида, ишонувча фуқаролар маблағларидан ажралиб қоляпти.
Куни кеча Президентимиз уй-жой қурилишида аҳоли маблағларини кафолатлаш тизимига оид тақдимот билан танишиш давомида шундай муаммолар таҳлил қилиниб, узоқ муддатга мўлжалланган аниқ, мақсадли вазифалар белгилаб берилди.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда ҳар бир фуқаро ўз уйига эга бўлсин, деган мақсадда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кескин жадаллашди. Масалан, биргина жорий йилда 100 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилади. Келгуси йилда эса 120 мингта қурилиши режалаштирилган.
Бироқ бугун талаб кўплигидан фойдаланиб, бу соҳада инсофсиз бизнес қилаётганлар ҳам, афсуски, учраб турибди. Хусусан, тўлов тизими тартибга солинмагани, рақамлаштириш ва очиқ-ошкоралик йўқлиги бунга йўл очиб бераяпти. Янги уйларни олмоқчи бўлган одамлар пулини банк орқали эмас, тўғридан-тўғри қурувчига бераётгани учун бу маблағлар “соя”да қолаяпти.
Албатта, бундай ҳолатларда хорижий давлатларда тажрибадан ўтган “еscrow” тизими яхши самара беради. Чунки унга кўра, буюртмачи ва тижорат банки ўртасида тузиладиган шартномага асосан, ҳар бир қурилиш иншооти бўйича “еscrow” ҳисобварағи очилади ва кўчмас мулк учун келишилган маблағлар бу ҳисобварақ орқали амалга оширилади.
Тақдимот давомида айтиб ўтилганидек, унда йиғиладиган маблағлар асосида тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган фоизда кредит беради. Қурилиш битгач эса харидорнинг ҳисобварағидаги пул девелопер ташкилотга ўтказилади. Агар қурувчи ўз мажбуриятини бажармаса, бу пул эгасига қайтариб берилади. “Еscrow” ҳисобварағида турган маблағларга ундирув қаратилмайди.
Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, бу борада ҳуқуқий асос яратиш, мазкур тизимни қурилишга алоқадор вазирлик ва идораларда интеграция қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Ушбу вазифалар Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Боиси бугунги кунда янги қурилаётган уй-жойлар сотувида эскроу ҳисоб-рақамлар тизимининг самарали ишлаши учун мамлакатимиз қонунчилигида етарли асослар мавжуд эмас. Демак, ушбу йўналишда алоҳида қонун қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир.
Партиямиз Сайловолди дастурида “турар-жойларни қуришда жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш мақсадида эскроу тўлов тизимини жорий этишни назарда тутувчи қонунни қабул қилиш” устувор вазифа сифатида белгиланган.
Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи ва экспертлар томонидан “Уй-жой қурилишида фуқароларнинг ҳиссадорлик иштирокини тартибга солиш ва уларнинг молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда мутахассислар томонидан муҳокама қилинмоқда.
Ушбу ҳужжат уй-жой қурилишидаги фуқароларнинг ҳиссадорлик иштирокини тартибга солиш, ҳиссадорларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш, қурилиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, қурилиш жараёнида шаффофлик ва ишончлиликни ошириш, қурувчиларнинг масъулиятини кучайтириш ҳамда уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Президент белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб, партиямиз ва фракциямиз аъзолари билан биргаликда соҳани чуқур таҳлил қилиш, мазкур масалада юқори натижаларга эришган хорижий давлатлар тажрибаси ва қонунчилигини ҳар томонлама ўрганамиз. Энг аввало, қонун лойиҳасини парламентга киритиш учун тайёрлаш жараёнида фуқаролар, кенг жамоатчилик ва қурувчи ташкилотлар, молиявий ташкилотлар таклифларини ҳам ҳисобга оламиз.
Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг янги тизимни қурилишга алоқадор вазирлик ва идораларда интеграция қилиш ҳақидаги кўрсатмалари асосида қилинадиган ишларни қонун ижодкорлиги жараёнида ҳисобга олиш, мутасадди ташкилотлар ва мутахассислар билан бамаслаҳат фаолият юритишимиз зарур.
Ишончим комилки, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, шубҳасиз, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий қилинаётган уй-жой сотиб олиш учун эскров ҳисобларининг кафолатланган янги тизими учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб беради. Энг муҳими, қурилиш жараёнининг шаффофлигини янада оширишга хизмат қилади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.