9-Ўсмат сайлов округидан халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига сайланган Назифа Камолова аҳолининг муаммоларини ўрганиш юзасидан Бахмал туманида бўлди.
Дастлаб Бахмал тумани ҳокимлиги биносида халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти ҳамда Халқ демократик партияси тумани кенгаши раиси ва аъзолари билан учрашиб, суҳбатлашди.
Янги йил байрами муносабати билан Ўсмат МФЙда яшовчи, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган Г.Жумақулованинг соғлиғини тиклаш, фарзандларининг бандлигини таъминлаш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, «Дўстлик» МФЙда ёлғиз яшовчи ёши улуғ Н.Тошмуродовнинг уй-жой таъмири, М.Очилованинг келинига тикув машинкаси ажратилишида амалий ёрдам берилишини сўраб қилган мурожаатлари юзасидан тегишлигича ёрдамлар кўрсатиладиган бўлди.
Шундан сўнг, «Дўстлик» МФЙ, Файзли кўчасида яшовчи аҳолини анча йиллардан буён қийнаб келаётган йўлни шағаллаштириш (асфальтлаштириш) масаласи юзасидан фуқаролар билан суҳбатлашилди. 2 ой олдин кўчанинг 500 метрга яқин қисмига оз-оз миқдорда шағал тўкилгани, лекин бу шағал кўчага етмаслиги, 400 га яқин бола мактабга лой кечиб қатнаётгани айтилди. Шунингдек, кўчадаги қўлбола усулда кўтарилган симёғочлар ҳам талабга жавоб бермаслиги, бир неча маротаба туман, вилоят ҳокимликларига мурожаат қилингани, вилоят ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбарининг ҳам хабари борлиги таъкидланди.
Депутат томонидан аҳоли вакилларига барча муаммолар ўрганилиб, тегишлигича ҳал қилиш чоралари кўрилиши тушунтирилди.