Маълумки, халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган муҳим меъёрий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш депутатларнинг амалий фаолиятига айланган. Табиийки, бу уларнинг функционал вазифаси ҳамдир.
Айни мақсадларда, «Депутат маҳаллада» лойиҳаси доирасида Президентимизнинг 2024 йил 24 июндаги «Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси ҳолати Жиззахдаги «Қалия» ва «Бунёдкор» маҳаллалари чегараларида ўрганиб чиқилди.
Жараёнда, қарор талаблари асосида депутат Б.Тошпўлатовнинг ташаббуси билан «Қалия»да қисқа муддатда намунавий лойиҳа шаклида «Чиқинди йиғиш шохобчаси» қурилиб, фойдаланишга шай ҳолга келтирилгани ўрганилди. Шунингдек, «Маҳалла сервис компанияси» биносининг қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилаётганига гувоҳ бўлинди.
Шу куни депутатлар Б.Тошпўлатов ва О.Бакиров ҳудудга чегарадош бўлган «Бунёдкор» МФЙда маҳалла раиси ва фаоллари билан учрашди ва уларни ташвишга солаётган масалаларни ўрганди. Эътиборли жиҳати, айрим муаммолар депутатлар кўмагида жойида ечимини топди.