Қўлни-қўлга бериб, юрт истиқболи учун қадам ташлаймиз
Қўлни-қўлга бериб, юрт истиқболи учун қадам ташлаймиз

 

Янги йилбу бир кунда ўтадиган байрам ёки оила, яқинлар даврасида нишонланадиган тантанагина эмас. Янги йилбу ҳар бир инсон учун ўтаётган умрининг сарҳисоби, янги мақсадлар, улғайиш, камолот сари қўйилган қадамдир.

Давлатимиз раҳбарининг халқимизга янги йил табригида таъкидлаганидек, жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди. Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтсак, арзийди. Табрикнинг бутун мазмун-моҳияти айниқса, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олийжаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз”, деган даъватли жумлалар партия ташкилотларимиз ва депутатларимизни юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу ишларда янада фаол бўлишга чорламоқда. Бу улар томонидан билдирилаётган муносабатларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

 

Яхши ва баракали йил бўлсин

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Айни пайтда биз 2024 йилнинг сарҳисобини, нималарга эришдиг-у қайси имкониятларни бой бердик, деб мулоҳаза қиладиган, хатолардан хулоса чиқариб, янги режалар тузадиган бир палладамиз. Бу фикрлар давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган табригида ҳам алоҳида қайд этилди. Шу ўринда айтиш керакки, 2024 йил юртимиз сиёсий ҳаётида тарихий сана сифатида ўрин олди. Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда қатор ютуқ ва марраларга эришилди.

Биргина соғлиқни сақлаш соҳасини оладиган бўлсак, бу йўналишга 5-6 йил аввалгига нисбатан 6 баробар кўп маблағ ажратилди. Яъни, қарийб 33,4 триллион сўм соҳани ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш учун йўналтирилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси янгиланди, замонавий тиббиёт муассасалари барпо этилди, тизим маҳаллага, одамларга яқинлаштирилди. Марказий Осиёда ягона бўлган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази янги мажмуада иш бошлади. Буларнинг барчаси айтишга осон, холос. Амалга ошириш учун эса жасорат, ташаббус ва албатта катта маблағ зарур.

Бу каби ижобий натижаларни ҳар бир соҳада кўришимиз мумкин.

Президент табригида 2025 йилги режа ва мақсадлар ҳам аввалгисидан кам эмаслигига эътибор қаратилди. Хусусан, Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида асосий мақсад – инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратишдан иборат экани таъкидланди. Табиийки, бунинг учун кўп ишларни амалга ошириш зарур. Янги йил бу янги имкониятлар демакдир.

Муҳими, жорий йилда ҳам ижтимоий соҳалар, иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар, нафақалар миқдорини оширилиб борилишига алоҳида урғу берилди. Аҳолининг саломатлигини сақлаш ва ёшларнинг таълим олиши учун шароитлар кенгайтирилиши қайд этилди.

Юртимизда бундай кенг кўламли мақсадларнинг самарали амалга оширилишига ҳисса қўшиш учун албатта энг аввало, ҳар бир шахс ўз олдига вазифалар белгилаб олиши зарур. Биз ҳам депутат сифатида ўз олдимизга қатор масалаларни қўйганмиз. Қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам ташаббусларимиз бор. Ўйлайманки, янги йилимиз яхши ва баракали йил бўлади.

 

Давлатимиз раҳбарининг даъвати билан

Махсуд САЪДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон ХДП Амударё туман Кенгаши раиси, туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Президентимизнинг Янги йил табригида “Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар демократик ислоҳотларнинг янги даврига қадам қўйганимизни яна бир марта тасдиқлади”, дея таъкидланди. Ҳақиқатан ҳам ўтган сайловларда сиёсий партияларнинг дастури ҳам, ғоялари ҳам бир-биридан фарқ қилди. Турли сиёсий мафкуралар кураши кўзга ташланди.

Сайловлар натижасига кўра, халқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги 25 та ўринга партиямиздан 6 нафар депутат сайланди. Қисқа вақт ичида янгидан сайланган депутатлар билан партиянинг Ҳаракат дастурида белгиланган масалаларни депутатлик гуруҳида ўргандик. Доимий комиссиялар ва сессия кун тартибига олиб чиқиб, партия электорати манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилинишига эришдик. Депутатларнинг ўз сайловчилари билан учрашувлари кўлами ва самарадорлиги ортди. Буларнинг барчасига давлатимиз раҳбарининг “депутат ва сенаторларни ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар тегишли вазирлик ва ҳокимликлар томонидан қай даражада ҳал этилаётганини доимий ўрганиб, назорат қилиб боришга чақираман”, деган даъвати кучли туртки бўлди. Сиёсий партиялар ва депутатлар олдида турган муҳим вазифалар маълум. Яъни, электоратимизни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, аҳолини турмушини янада яхшилаш бўйича таклифлар бериш, турли дастурлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назорат ўрнатишдан иборат. Умуман, халқнинг ёнида бўлиш, уларнинг номидан гапириш ва фаолиятимизни ҳам халқ манфаатлари йўлида ташкил этиш олий бурчимизга айланмоғи зарур. Ўз навбатида, Президентимиз томонидан ўртага ташланган энг долзарб ва халқчил ташаббуслар, муҳим таклифлар, белгилаб берилган ҳаётий вазифаларнинг мазмун-моҳиятини сайловчилар, электоратимиз вакилларига етказишда доим фаол бўлишимиз талаб этилади.

 

Жамиятни ҳаракатга чорлаб, келажакка ишонч уйғотади

Зулфия ТЎЙЕВА,

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

— Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида 2024 йилдаги ортга қайтмас ислоҳотлар, ҳар бир муҳим йўналишга тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, жорий йилда олдимизда турган энг устувор масалаларга эътибор қаратилди. Зеро, илгари сурилган ғоялар ва ундовлар жамият учун фойдали, манфаатли ва долзарб саналади. Чунки, келажак учун қўйилган аниқ мақсадлар ва вазифалар барчамизга янгича шижоат бағишлайди.

Қайд этиш керакки, дунёда таҳликали вазият ҳукм сураётган бир даврда миллий иқтисодиётимизда ўсишлар, ривожланиш давом этмоқда. Бу ўз навбатида соҳалар кесимида янги ютуқларга ҳам йўл очаяпти. Шу билан бирга, жаҳон аренасидаги нуфузимизни янада мустаҳкамлашга, ўзбекнинг кимлигини кўрсатишга имкон бермоқда. Буларнинг барчаси аниқ ва мақсадли ташаббуслар натижасидир. Қолаверса, инсон манфаати ҳар нарсадан устун деган асосий ғояга йўғрилган ислоҳотлар халқимиз фаровонлиги ва тинчлигига хизмат қилмоқда.

2024 йилги сайловлар мамлакатимизда демократик тамойилларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим воқеа сифатида тарихдан жой олди. Жараёнлар очиқлик, шаффофлик ва халқнинг эркин иродасини ифода этиш тамойилларига асосланган ҳолда ўтгани, демократик ислоҳотларнинг янги босқичига қадам қўйганимизни кўрсатиб берди. Сайловларда аҳолининг фаол иштирок этиши, партиялар ва номзодлар ўртасидаги соғлом рақобат муҳити, фуқароларнинг сиёсий маданиятининг ўсганини кўрсатди. Бу жараён давлат ва жамият ривожланишида ҳар бир фуқаронинг ўрни, масъулияти муҳим эканини яна бир бор тасдиқлади.

Шунингдек, сайловларда қабул қилинган янги сиёсий жараёнлар ва ислоҳотлар халқ билан давлат ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Бу жараёнларда ёшлар, хотин-қизлар ва фаол фуқароларнинг ҳамкорлиги кучайди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда демократик қадриятларни чуқурлаштириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида янги имкониятларни яратди.

Бундан ташқари, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт ёки маданият соҳаларига оид таъкидланган мақсадлардан ушбу соҳаларда кутилаётган ўзгаришларни тасаввур қилиш қийин эмас. Президентимизнинг Янги йил табриги халқимизда юрт тараққиёти ва ўз келажагига бўлган ишончни янада орттирди, десак тўғри бўлади.

 

Янги Ўзбекистон ғояси реал воқеликка айланмоқда

Дониёрбек ЖУМАБОЕВ,

“UZAUTO MOTORS” АЖ транспорт бўлими таъминотчиси, Ўзбекистон ХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригида айтган фикрлари албатта 2025 йилги ишларимизда дастуруламал бўлади. Табрикда “Янги Ўзбекистон ғояси реал воқеликка айланмоқда”, деган сўзларнинг исботини ўз яшаётган манзилимиз, ўқиш ва иш жойларимиз, одамларнинг ҳаётидаги ўзгаришларда кўриб турибмиз. Ҳақиқатан ҳам ҳудудларда янги уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳлар, маданият ва спорт масканлари қад кўтармоқда. Юртимиз тобора обод қиёфа касб этиб бормоқда. Минглаб юртдошларимиз Янги йилни янги уйларда кутиб олмоқда. Бундай бунёдкорлик ишлари халқимизнинг фидойи меҳнати, давлатимизнинг оқилона сиёсати натижасидир.

Ўз фаолиятимиз ва йўналишимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бугун одамлар анча фаол, сиёсий уйғоқ ва ўзининг мустақил фикри, аниқ мақсадларига эга. Бу албатта одамни қувонтиради, ишимизга янги руҳ ва ташаббус билан ёндашишга илҳом беради.

“UZAUTO MOTORS” қўшма корхонасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бошланғич ташкилоти тузилган. Мана 3 йилдирики, ушбу кичик бўғинни бошқариб келяпман. 1991 йилда янги ташкил топганида 272 нафар аъзо бўлган, ҳозирга келиб аъзолар сони 1500 га яқинлашди. Яқинда жамоамиздаги 130 нафар ёшлар партиямиз сафига қабул қилинди. Партиямиз тарафдорлари, аъзоларимиз сони ортиб бораётгани ижтимоий соҳадаги ташаббусларимизни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Хайрли ташаббуслар, ютуқ ва марраларга бой бўладиган йилда тинчлик ва осойишталигимиз бардавом бўлишига тилак билдираман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 8.1.2025, №1

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш