Электоратимиз манфаати учун
Электоратимиз манфаати учун

 

Маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этилгани шу нуқтаи назардан алоҳида диққатга моликдир.

Маълумки, депутатлар турли соҳаларда фаолият юритувчи, тажрибали, фидойи, жамиятда ҳурмат қозонган ва обрў-эътиборга эга шахслар орасидан сайланади. Лекин улар депутатлик фаолиятини қандай олиб боришлари бўйича алоҳида ўқитилмайди, бу борада халқ ноиблари ҳаёт мактабида олган кўникмаларига таянишади.

2024 йилнинг 2 декабридан 25 декабрига қадар ҳудудларда ўтказилган ўқув-семинарлар маҳаллий Кенгашларга янги сайланган 1 минг 200 нафар депутат учун нафақат ўзаро билим ва тажриба алмашиш, балки электорат манфаати йўлидаги фаолиятининг энг устувор йўналишларини белгилаб олишига имкон берди.

Эътиборлиси, ўқув давомида маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз томонидан жуда кўп таклифлар билдирилди. Бу таклифларнинг аксарияти ҳаётийлиги билан чиндан ҳам тарози босади. Масалан, Тошкент вилояти Пискент тумани депутатлик гуруҳи раҳбари Д. Комилова чекка ҳудудларда малакали тиббиёт ходимлари етишмаётгани ва бу масалани юқори ташкилотларда ўрганиб чиқиш зарурлигига урғу берган бўлса, вилоят депутати А. Носиров ёш депутатларни устоз-шогирд тамойили асосида шакллантириш заруратига диққат қаратди. Паркент тумани депутатлик гуруҳи раҳбари Х. Муҳиддинов эса депутатлик гуруҳи йиғилишларида ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва таҳлил қилиш жараёнига вилоят ҳамда Олий Мажлис депутатларини ҳам жалб этиш таклифини берди.

Худди шундай, халқ депутатлари Фурқат туман Кенгаши депутати Б. Раҳматуллаев умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қизиқишларидан келиб чиқиб, жамоатчилик ва депутатлар томонидан мониторинглар ўтказган ҳолда уларни тоифаларга ажратиш кераклигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, биринчи тоифага “Таълим олишга қизиқувчи ёшлар” деб ном бериш ва бу тоифага киритилган ўқувчиларга малакали ўқитувчиларни бириктирган ҳолда олий таълимга кириши учун кўмаклашиш, иккинчи тоифа, яъни, “Касб-ҳунарга қизиққан ёшлар” учун маҳалладаги уста-ҳунармандлар билан бирга “устоз-шогирд” анъанасини жорий қилиб, келажакда юқори даромад олувчи тадбиркор ёки ҳунарманд бўлиб етишишларига эришиш ва ниҳоят, учинчи тоифа - “Мақсадсиз ёшлар”, яъни, кейинчалик боқимандалик ҳолатига тушишга мойил бўлган ўқувчилар билан маҳалла еттилиги, таълим муассасаси ҳамкорлигида тизимли иш олиб бориш керак. Бу бўйича амалдаги қонунчиликни кўриб чиқиш ҳам мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Дарвоқе, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати И. Султонов барча туман ва шаҳарларда касб-ҳунарга қизиққан ёшлар ва хотин-қизлардан минг нафарини “Иброҳимжон гиламлари” хусусий корхонасида бепул касаначилик, гиламдўзликка ўқитиб, кейинчалик доимий иш билан таъминлаш таклифини берди. Бу борада барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Халқ депутатлари Қува туман Кенгаши депутати О. Олимов ХДПнинг асосий электорати саналган ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим ва меҳнат интеграциясини такомиллаштириш, шунингдек, “Имконияти чекланган давлат хизматчиси” давлат дастурини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Эндиликда республикамиздаги ҳар бир ҳудуднинг мавжуд муаммолари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳлари ўрганишларини манзилли амалга оширишни режалаштиряпмиз. Назорат-таҳлил ва жамоатчилик назорати тадбирларини қуйи палатадаги фракциямиз депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар ҳамкорлигида ташкил этишни мўлжалламоқдамиз. Бу эса сиёсий партиянинг фракция аъзолари ва қуйи тизимдаги маҳаллий Кенгашлар депутатларининг баҳамжиҳатликдаги самарали фаолиятини таъминлайди. Муҳими, ХДПнинг электорат ишонган, умид қилган юздан ортиқ ҳақчил ва халқчил ғоялари босқичма-босқич ҳаётий исботини топиб боришига хизмат қилади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 8.1.2025, №1

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш