Фракция йиғилишининг кун тартибига “Барча янги туғилган болалар учун депозитларни очиш бўйича лойиҳа тақдимоти тўғрисида”ги ҳамда партия фракциясининг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган масалалар киритилди.
“Ўзбекистон – ижтимоий давлат”. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат Бош Қонунимизнинг биринчи моддасида қатъий белгилаб қўйилди. Ушбу тамойилнинг амалдаги исботи учун қатор чора-тадбирлар ҳам йўлга қўйилди.
Хусусан, ижтимоий давлат мақомини мустаҳкамлаш учун, янги туғилган болани тарбиялашда ота-оналарни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун қўшимча имкониятлар яратиш ва уларни болаларга узоқ муддатли сармоя киритишга янада фаол жалб қилишни рағбатлантирувчи чора-тадбирларни излаб топиш зарурати туғилади.
Бундай қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларидан бири сифатида 47-сонли “Саноат” сайлов округидан депутат, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Рустам Сапарбаев томонидан ишлаб чиқилган “Барча янги туғилган болалар учун болалар депозитини очиш бўйича лойиҳаси” тақдимот қилинди.
Ушбу лойиҳа бола вояга етганида шахс сифатида шаклланиш, иқтидорини ривожлантириш учун эркин молиявий ресурсларга эга бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Барча янги туғилган болалар учун “болалар депозитини” очиш, мазкур депозитни ота-оналар, васийлар ёки бошқа ҳомийлар томонидан қонун асосида босқичма-босқич тўлдириш имконияти билан таъминлаш ва 18 ёшга тўлганда фоизлари билан тўловни олиш ҳуқуқини беради.
Шунингдек, аҳолида узоқ муддатли инвестицион тафаккурни босқичма-босқич шакллантириш, бу эса давлатдан ёрдам маблағларини талаб қилиш ва ижтимоий ёрдамга қарамлик ҳиссини камайтиради. Ўз навбатида, аҳолининг жамғармаларини янада инвестициялаш ва капитални ўстириш ҳисобидан уни кўпайтиришга мойилликни оширади. Муҳими, босқичма-босқич амалга ошириладиган ўзгаришлар “ўлик пул” кўринишидаги жамғармалар ҳажмини қисқартиришга хизмат қилади.
Лойиҳага кўра, “болалар депозитининг” эгасига келгусида вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-оналарига ғамхўрлик қилиш учун конституциявий мажбуриятларини бажариш имконияти яратилади. Натижада мамлакатнинг “ижтимоий давлат” сифатидаги имиджи ўсади. Бундан ташқари, узоқ муддатда давлатнинг қўшимча бюджет харажатлари қўринишидаги давлатнинг ижтимоий юки камаяди. Табиийки, “болалар депозити”нинг эгаси 18 ёшга тўлгандан сўнг таълим олишни давом эттириш, уй-жой-маиший масалаларни ҳал қилиш, тўпланган маблағларни кейинчалик инвестиция қилиш ёки улардан бошқа шахсий қонуний мақсадлар учун фойдаланиш каби асосий эҳтиёжларни қондириш учун бўш молиявий ресурсларга эга бўлади.
Йиғилишда кўриб чиқилган лойиҳада яна қатор масалалар қамраб олинган. Қайд этилишича, келгусида ота-оналарнинг юки камаяди ва юқорида кўрсатилган мақсадлар учун пул харажатларини молиялаштириш манбаларини излашга эҳтиёж қолмайди, мос равишда қўшимча қарз юки бўлмайди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар улушини пасайиши эса уларнинг оилавий муносабатларига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, болаларда ватан учун фахрланиш, ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратилади.
Йиғилиш иштирокчилари лойиҳани муҳокама қилиш чоғида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурига мос бўлиб, партия электорати манфаатларига хизмат қилиши эътироф этилди.
Лойиҳа Конституцияга, Президентимизнинг ижтимоий соҳада қабул қилинаётган қарор ва фармонларига, айниқса, 2024 йил 23 сентябрдаги фармонида белгиланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури” талабларига тўлиқ мос келиши таъкидланди. Зеро, мазкур дастурда илғор халқаро амалиёт асосида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталари ва партия фракцияси аъзолари томонидан лойиҳанинг мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатга мослигини, келажак авлод равнақига хизмат қилишини ҳамда масаланинг долзарблигини ҳисобга олиб қўллаб-қувватланди. Ушбу масалани Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси регламенти талаблари асосида тайёрлаб, сессия муҳокамасига олиб чиқиш учун вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг 2025 йилга мўлжалланган Иш режаси тасдиқланди. Фракция иш режасига партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, электоратни ўйлантираётган долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган масалалар киритилган.
Йиғилиш кун тартибига киртилган барча масалалар муҳокама қилиниб, партия фракцияси олдида турған устувор вазифалар белгилаб олинди.