Ўтган йил Қорақалпоғистон учун чин маънода баракали ва тарихий воқеаларга бой йил бўлди. Йил давомида қатор йирик лойиҳалар, янги саноат корхоналари, туризм масканлари, энергетика қувватлари, IT парк ишга туширилгани фикримизни сўзсиз исботлайди.
Айниқса, йил бошида Амударё узра Қорақалпоғистонни Хоразм билан боғлайдиган, узунлиги 423 метр бўлган янги автомобиль ва темир йўл кўпригининг фойдаланишга топширилгани халқимизда чексиз қувонч, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланиши учун имконият яратилди. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалиб, дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланди. Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имконига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқарди.
Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк, аввало, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирчилик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир, деган эди Президентимиз ўтган йили 29 февраль куни бўлиб ўтган кўприкнинг очилиш маросимида. Бу айни ҳақиқатдир.
Энг муҳими, аждодларимиз томонидан Жайҳун деб аталмиш азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиқди.
Эсимизни таниганимиздан буён биламизки, одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келарди. Қаҳратон қишнинг шамоли ва изғиринида, баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайганида у жиддий шикастланиб, яроқсиз бўлиб қоларди. Кўприкни таъмирлаш учун бир неча кунлар ҳаракатлар тўхтатилар ва бу аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди. Шундай пайтларда Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.
Дарёнинг икки томонида яшовчи ҳар бир инсоннинг бундай қийинчиликлар билан боғлиқ ўз хотираси бор. Қиш кунларининг бири эди. Мен Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Амударё туманидан сайланган депутат сифатида эрталаб шу понтон кўприк орқали туманга ўтиб, кун бўйи сайловчилар билан учрашувлар ўтказдим. Кечқурун Нукус аэропортидан Тошкентга учиш учун ортга қайтай десам, шамол ва ёғин-сочиндан кўприк шикастланган, ундан фойдаланиш имкони йўқ эди. Ўшанда ортга қайтиб, Беруний орқали деярли яна 200 километр йўл босиб, Нукусга келганим ва самолётга зўрға улгурганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Эндиликда, албатта, бундай қийинчиликлар барҳам топди. Халқнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлди.
Яна шуни эътироф этиш лозимки, мазкур кўприк ўтган йил Қорақалпоғистонда ишга туширилган йирик лойиҳаларнинг дастлабкиси эди. Йил давомида эса Тахтакўпир туманидаги Қаратерен кўли бўйида янги этно-туристик мажмуа барпо этилгани, Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида диаметри 42, баландлиги 22 метрни ташкил этадиган қорақалпоқ миллий ўтови тикланиб, Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани, Қўнғирот — Бейнеу автомобиль йўлининг янгидан қурилган 240 километр қисми фойдаланишга топширилгани ва бошқалар бунёдкорлик ишлари рўйхатини давом эттирди.
“Кўз қўрқоқ, қўл ботир”, деганларидек, бундай йирик лойиҳаларнинг амалга оширилишини тасаввур қилса, чиндан ҳам одамнинг кўзи қўрқади. Мен шу ҳудудда яшаб, амалга оширилаётган асрга татигулик ишларнинг гувоҳи бўлар эканман, Президентимизнинг Мустақиллигимиз 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида айтган қуйидаги сўзларини эсладим:
“Халқимизда “Кўз қўрқоқ, қўл ботир”, деган чуқур маъноли ибора бор. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши керак. Белимизни маҳкам боғлаб, пок ният билан меҳнат қилсак, шубҳасиз кўзлаган марраларимизга эришамиз”. Дарҳақиқат, биз қорақалпоғистонликлар Давлатимиз раҳбари таъкидлаган шу сўзларнинг исботини нафақат йил, балки ҳар куни кўраяпмиз.
Она заминимиз узра янги йил шукуҳи давом этаётган айни пайтда Қорақалпоғистонда ўтган йилда эришилган юксак натижаларнинг шукуҳи, қувончи ва ҳаяжони бардавом. Зеро, 2025 йил ҳам тараққиётимиз йўлидаги яна қатор эзгу ишлар билан бошланмоқда.
Назира МАТЯҚУБОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
«Ўзбекистон овози», 8.1.2025, №1