Ўзбекистон катта мамлакатга айланди
Ўзбекистон катта мамлакатга айланди

 

2024 йил ҳам ортда қолди. Бу Мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг 33 йиллиги дегани. Йил юртимиз ҳаётида йирик тарихий воқеликларга бой бўлди.

Факт. 2024 йил якунига келиб Ўзбекистон аҳолиси 37 миллионлик довондан ошди.

Вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, энди 37 миллионлик нуфусга эга мамлакатни “кичик”, дейиш мумкин эмаслигини дунё ҳамжамияти ҳам аллақачон тан олиб бўлган. Ўзбекистон катта мамлакатга айланди. Бу кейинги йилларда халқаро майдонда бизга бўлган муносабатнинг шиддат билан ижобий томонга ўзгариб борганида ҳам яққол кўринмоқда. Халқаро майдондаги бугунги нуфузимизни белгилаб берувчи энг муҳим омил очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб борилаётганидир.

Барқарор демографик ўсиш ўз-ўзидан давлат олдига катта масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Албатта, биринчи навбатда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, ЯИМнинг йиллик ўсишини янада кўпайтириш лозим.

Иқтисодий ўсиш деганда, ҳаммамизнинг тасаввуримизда бозор тамойиллари гавдаланади. Тан олиш лозимки, бу борада ҳам ўтган йилда катта қадамлар ташланди. Ислоҳотларнинг муҳим элементи шунда бўлмоқдаки, миллий иқтисодиётимиз жаҳон иқтисодиётига интеграциялашмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2024 йил 20 декабрь куни ўтган тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилишда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари якуний босқичга кираётганини таъкидлади.

 

ЖСТ қандай ташкилот ва у Ўзбекистонга нима беради?

Ташкилот 1995 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлаган. У давлатлараро кўп томонлама савдо тизимини мувофиқлаштириб турувчи ягона универсал халқаро тузилма ҳисобланади.

Асосий вазифаси глобал иқтисодиётнинг шаффофлигини тартибга солиш, давлатлараро савдо-сотиқ муносабатларини йўлга қўйиш, улар ўртасида тенглик ўрнатиш, аъзо мамлакатларда барқарор тараққиётни таъминлаш ва инсонлар турмушини яхшилаш ҳисобланади.

Бугунги кунда дунёдаги ушбу энг йирик иқтисодий ташкилотга 166 давлат аъзо бўлиб, улар ҳиссасига жаҳон савдоси ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 97 фоизи тўғри келади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ЖСТ глобал платформа саналиб, унда ҳар бир аъзо давлатнинг манфаатлари ҳисобга олинади. Шунинг учун кучли, ўзининг иқтисодиётига ишонган давлатлар тезроқ бу ташкилотга киришга ҳаракат қилади.

Шу сабабдан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорларида сотиш, мамлакатимизда инвестицион муҳитни яхшилаш ва инвестиция оқимини ошириш ҳамда иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга замин яратади.

 

Қайси босқичдамиз?

Президентимиз 2024 йил 3 июнь куни “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонни имзолади.

Бир сўз билан айтганда, Фармон ЖСТга кириш йўлида ташланган катта қадам бўлди. Сабаби, унда монополист компанияларнинг эксклюзив ҳуқуқлари ва камситувчи нормаларни бекор қилиш, субсидиялар ва преференциялар бериш тизимини ЖСТ қоидаларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш, инвестицион муҳитни яхшилаш чоралари назарда тутилган.

2024 йил якунига кўра, 22 давлат билан аъзолик бўйича музокаралар тугалланган. Эътиборлиси, жаҳон савдосида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган ва иқтисодий жиҳатдан дунё лидерлари бўлган АҚШ, Хитой ва Япония билан келишувга эришилган. Эндиги босқичда Европа Иттифоқи аъзолари, Буюк Британия ва Россия каби давлатлар билан музокаралар давом этмоқда.

ЖСТга аъзолик Ўзбекистоннинг доимий кун тартибида турган масала, бу сиёсатда ҳам, стратегияда ҳам акс этиб турибди.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 8.1.2025, №1

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш