Яшаш сифатини яхшилаш – бош мақсад
Яшаш сифатини яхшилаш – бош мақсад

 

Янги йилга ном берилиши ва шунга мос равишда Давлат дастури ишлаб чиқилиши халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада жипслаштиришга хизмат қилмоқда. Кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили Давлат дастури бўйича Президент Фармони ҳамда дастур лойиҳасидаги барча вазифа-ташаббуслар юртдошларимизнинг кўнглидаги фикрларни ифодаламоқда.

Давлат ва жамиятни янада ривожлантириш бўйича бош ҳужжат, энг аввало, инсон учун, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси учун йўналтирилгандир. Мулоҳаза қилинса, атроф-муҳитни асраш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш биринчи навбатда инсонни асраш ва унга қулай шароит яратишни англатади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Давлат дастури лойиҳасидаги аксарият вазифалар турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан Фармон ва Давлат дастури лойиҳаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан ҳар томонлама ҳамоҳангдир.

Ресурс тежамкор иқтисодий ривожланиш моделига ўтиш орқали 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6 фоиз ва унинг ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш, инфляцияни 5 фоиз даражасида сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш энг муҳим мақсад, деб белгиланди.

Фуқаролар ўртасида “Тежамкорлик ва барқарорлик” тамойили асосида янгича ижтимоий муносабатлар ривожлантирилиши, маҳаллаларнинг экологик қиёфаси яхшиланиши, яшиллик даражаси оширилиши, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳити шакллантирилиши, аҳоли саломатлиги яхшиланиши, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг шароит яратилиши мамлакатимиздаги ижтимоий муҳитни янги даражага кўтаради.

Дастур лойиҳасида партиямиз электорати манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган вазифалар белгиланмоқда. Хусусан, республикамизнинг ҳар бир туманида (шаҳрида) босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаб фаолияти ташкил этилиши қайд этиляпти. Бу жамиятимизни босқичма-босқич инклюзивлаштиришда стратегик аҳамиятга эга масала ҳисобланади.

Болалар қандай оила ва шароитда вояга етаётганидан қатъи назар, таълимда тенг имкониятларга эга бўлиши муҳим, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжат лойиҳасида жорий йилнинг ўзида 3,5 минг камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиниши вазифаси қўйилгани қанчадан-қанча ёшлар ва оилаларнинг келажакка ишончини оширади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда трансёғлардан фойдаланишнинг чекланган миқдорларини белгилаш бўйича санитария қоидалари ва меъёрлари Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштирилиши назарда тутилгани ҳам дастурий вазифаларимиз билан мос келади.

Кейинги йилларда кам даромадли оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ислоҳотларнинг жуда муҳим стратегик йўналишига айланди. Жорий йилда ҳам бу борада долзарб вазифалар белгиланаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Жумладан, 100 минг гектар ер майдонларини ижарага бериш орқали 200 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзланмоқда.

Юқорида келтирилган ва бошқа кўплаб вазифа-ташаббусларга асосланган ҳолда, Давлат дастури лойиҳаси юртимизда ижтимоий йўналтирилган сиёсат изчил давом этишининг ўзига хос кафолати бўлмоқда.

Шунга мувофиқ, Халқ демократик партияси Фармон ва Дастур лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, албатта, ташкилотлари, барча даражадаги депутатлик корпуси орқали қўшимча таклифларини ҳам беради.

Фаолларимиз, электорат вакилларимиз ҳамда хайрихоҳларимиз дастур лойиҳаси муҳокамаси ва унинг ҳаётга татбиқ этилишида фаол иштирок этади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш