Шу кунларда 2025 йилги давлат дастури лойиҳаси халқ билан кенг муҳокама қилинмоқда. Бу эса мамлакатда демократия принциплари амалда бўлганидан далолатдир. Мазкур жараёнда, табиийки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, давлат дастурига муносабат билдиришни муҳим, деб ҳисоблайди.
Дастурнинг лойиҳасида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлик даражасини ошириш, таълим ва тиббиёт соҳаларини ривожлантириш борасида белгиланган мақсадлар партиямизнинг асосий ғоялари билан мувофиқ келади. Жумладан, давлат дастурида эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик даражасини пасайтиришга қаратилган чора-тадбирлар партия дастурининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда давлат дастурида кам таъминланган оилалар учун ижтимоий уй-жойлар қуриш ва уларни субсидиялаш масалалари кўтарилгани партия электорати томонидан ижобий баҳоланади.
Таълим сифати ва тиббий хизматларга эътибор давлат дастурининг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Ўзбекистон ХДПнинг позициясига кўра, аҳолининг барча қатламлари учун тенг имкониятлар яратилиши, хусусан, қишлоқ ҳудудларида таълим ва тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш устувор вазифа бўлиши керак.
Давлат дастури лойиҳасида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар замирида бепул ва юқори сифатли таълимни таъминлаш учун ўқитувчилар маошини ошириш ва уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш зарурлиги белгиланган. Бу чора-тадбирлар партиянинг ижтимоий адолат тамойилларига жавоб беради. Ҳар бир давлат органида коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этиш ва жамоатчиликнинг бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан назоратини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади. Давлат хизматчилари учун молиявий шаффофликни ошириш мақсадида уларнинг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш мажбуриятини қонун даражасида жорий этиш лозим.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат дастури лойиҳасини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда ўз таклифларини ҳам билдиради. Хусусан, ижтимоий ҳимоя учун ажратилаётган бюджет маблағлари кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имкониятлар яратиш, пенсия ва нафақаларни инфляция даражасидан ортиқроқ миқдорда ошириш ҳамда камбағалликка қарши курашда иш ўринлари яратишга кўпроқ эътибор қаратиш лозим, деб ўйлаймиз. Қолаверса, камбағалликни қисқартириш дастурини амалга ошириш учун аҳоли даромадларини ҳисоблашнинг замонавий тизимини жорий этиш ҳамда ижтимоий хизматларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик кузатуви имкониятини яратувчи рақамли платформа ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратишда ишлаб чиқариш соҳаларига устувор эътибор қаратиш, чунки саноат тармоғи ҳар бир иш ўрнига қўшимча иқтисодий қиймат яратиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йилги давлат дастури лойиҳаси мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим асосидир. 2025 йилги давлат дастури халқ билан мулоқотда, уларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда амалга оширилса, мамлакат тараққиёти янги босқичга кўтарилади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу жараёнда ўзининг ижтимоий адолат ва халқ манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги позициясини изчил амалга оширади.
Шохрух ЎКТАМОВ,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси в.б.