2024 йил 19 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаати мамлакат тараққиётининг янги йўналишларини белгилаб берди.
Мурожаатда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар ҳар бир ҳудуд, жумладан, Жиззах вилоятида ҳам муҳим вазифаларни амалга оширишни талаб этади. Ушбу вазифалар эса вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини айнан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Жиззах вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мурожаатда аграр соҳани модернизация қилиш, суғориш тизимини яхшилаш ва ресурсларни самарали бошқариш устувор вазифа сифатида қайд этилди.
Вилоятда сув тежовчи технологияларни янада кенг жорий қилиш, аграр маҳсулотларни қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш лозимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликка оид ташаббуслари Жиззахда кичик ва ўрта бизнес учун янги имкониятларни очиб беради. Вилоятда саноат зоналарини кенгайтириш, инвестицияларни жалб этган ҳолда хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш зарурлиги белгилаб берилган.
Бунинг учун қўшимча имтиёзлар ва кредит дастурлари жорий этиш, Жиззах иқтисодий зонаси фаолиятини кучайтириш, ишсизлик даражасини камайтириш мақсадида касб-ҳунар ўқув марказлари миқдорини янада кўпайтириш, сифатини яхшилаш талаб этилади.
Юртбошимизнинг Мурожаатномасида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жиззах вилоятида замонавий мактаб ва касб-ҳунар коллежларини очиш, болалар учун инновацион таълим лойиҳаларини амалга ошириш, тиббий хизмат сифатини тубдан юксалтириш, қишлоқ шифокорлик пунктларини қайта жиҳозлаш, шунингдек, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдамни кучайтириш лозимлиги қайд этилган.
Президентимиз ўз нутқида экологик барқарорлик масалаларини ҳал этиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Бу Жиззах вилояти учун ҳам жуда долзарб масалалардан биридир. Чунки вилоят тоғли ва сувсиз ҳудудларга эга.
Бунинг учун альтернатив энергия манбалари (қуёш ва шамол энергияси)ни кенг жорий этиш, экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш, ерларни мелиорация қилиш дастурларини амалга ошириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва ўрмонзорлар барпо этиш зарур.
Жиззах вилояти мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган бўлиб, транспорт ва инфратузилма соҳасида юқори даражадаги ривожланиш талаб этилади. Президентимизнинг ташаббусларидан келиб чиққан ҳолда янги йўллар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, қишлоқларда транспорт қатновини яхшилаш, туризмни ривожлантириш учун инфратузилмани кенгайтириш керак.
Юртбошимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш Жиззах вилоятида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашади. Бунинг учун барча даражадаги раҳбарлар, тадбиркорлар ва фаол фуқаролар, биз халқ вакиллари ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатида белгилаб берилган устувор вазифалар ва йўналишларнинг бекаму кўст ижроси Жиззах вилояти янада ривожланишини таъминлайди.
Ўрол ЎРАЗБОЕВ,
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати,
вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи.