“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Давлат дастури лойиҳасида 5 та устувор йўналиш бўйича 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган. Лойиҳа 2025 йил 22 январга қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилиши айни муддаодир. Кўпдан кўп фикр ва таклиф чиқади.
Партиямизнинг сайловолди дастурида 10-қадам вазифалари қаторига 9-синфдан кейинги таълимни танлов асосида олиш таълимга ёки касбга йўналтириш тизимини йўлга қўйиш, бунда олий таълимга иштиёқи бўлмаган ёшларга уларнинг ихтиёрига кўра муайян касбни ёки хорижий тилни чуқурлаштириб ўргатиш” ҳам киради.
2025 йилга Давлат дастурида шундай вазифа қўйилган. Унга кўра, банд бўлмаган шахслар, камбағал оилаларнинг ишсиз аъзолари ва ёшларни амалий мономарказ, давлат ва нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш керак.
Бу вазифани бажариш учун амалий тадбирлар режасида ҳам кўрсатиб ўтилган. Хусусан, иш билан банд бўлмаган, шу жумладан, ишсиз хотин-қизлар ҳамда ёшларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, халқаро стандартлар асосида касбга ўқитиш марказлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш режалаштирилмоқда. Касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор ва “уста-шогирд” мактаблари улушини 20 фоизга етказиш чораларини кўриш ҳам белгиланмоқда.
Албатта бу таклифлар кўпчилик қатори мени ҳам қувонтирди. Айни шу масалада, яъни ишсизларни ўқитиш, касб-ҳунарга ўргатиш йўналишида маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, эҳтиёжи катта бўлган касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига йўналтириш керак. Ҳамма жойда ҳар хил мутахассис етишмайди. Демак, бир хил бўлмаган, ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиққан йўналишларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Халқаро стандартлар асосида барча касбга ўқитиш марказлари ўқитувчиларининг малакасини оширилса, нур устига нур бўларди. Касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор ва “уста-шогирд” мактаблари улушини 35 фоизга етказиш чораларини кўриш орқали тизимли муаммоларга ечим топиш мумкин, деб ўйлайман.
Эсонбой БОБОЕВ,
Сирдарё вилояти Оқолтин касб-ҳунар мактаби директори,
туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси.