Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши партия ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирларни бошлаб юборди. Хусусан, турли ўқувлар ташкил қилиб, депутатларнинг фаолияти, уларга берилган ваколатлар, бурч ҳамда вазифалар ҳақида тушунтирилмоқда. Шу билан бирга, ушбу жараёнда партия ҳамда марказ билан алоқалар ва муносабатларни шакллантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай тадбир партия Марказий Кенгашида бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ўқувда Марказий Кенгаш раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова бугунги кун талаби ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, янги сайланган депутатлар олдида турган устувор вазифалар, ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда партия гуруҳларининг роли ҳақида тушунчалар берди.
Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова маҳаллий Кенгашлар фаолиятида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг энг муҳим шарти жамоатчилик муҳокамалари бўлиб фуқароларнинг фикрлари ўрганиш ҳамда инобатга олган ҳолатда “туман-вилоят-Марказ” тартибидаги тизим орқали таклифлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Жойларда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари асосида ишлаб чиқилган таклифлар доимий равишда фракцияга бериб борилиши таъкидланди.
Семинарда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Президенти фармони лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Дастур лойиҳаси бўйича фикр билдирилиб, таклифлар олинди.
Хусусан, халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Муҳаммаджон Мирзаев халқимизнинг кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш зарурлигини қайд этди. Жойларда бу борада назорат ўрнатилгани таъкидланди. Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда марказлаштирилган фильтрлар ўрнатилишини назоратга олиш, ногиронлиги бор шахсларга электрон аравачалар олиб берилишини рақамлаштириш ва электрон сигаретлардан ёшларни чеклаш масаласи бўйича ўзининг таклифларини билдирди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди.