Бугунги ижтимоий тармоқлар инсонлар кундалик ҳаётининг ойнасига айланган. Шундан бўлса керак, ҳар бир воқеадан хабардорлик даражаси юқори. Хусусан, жамиятимизда содир бўлаётган турли зўравонлик ҳолатлари акс этган хабарлар ҳам тез-тез тарқалмоқда, афсуски. Ваҳоланки, халқимиз, аждодларимиз ҳамиша зулмга қарши бўлган.
Ўзбекистон ХДП Денов туман кенгаши айни шу масалада тадбир ташкил қилди. Тадбирда партия ташкилоти Х.Мирзаев ва халқ депутатлари туман Кенгаши партия гуруҳи аъзоси А.Хожиқулов «Озод» маҳалласидаги аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказди.
«Биз зўравонликка қаршимиз» мавзусида давра суҳбатида мавзуга алоқадор масалалар муҳокама қилинди. Оилалар, маҳаллалар ҳамда турли ташкилотлардан нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида сўз борди.
Шунингдек, Бош Қомусимиз ҳамда қонунлардаги хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари, уларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари хусусида тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳақида тавсиялар берилди.
Давра суҳбати савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар остида қизиқарли ўтди. Билдирилган таклиф ва фикрлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.