Депутат бу халқ ичидан танланган ва халқ овози билан сайланган ҳамда уларнинг номидан гапирадиган шахс. Бунинг учун эса халқ ичидан олади, уларнинг қалбига қулоқ тутади, муаммоларига ечим излайди.
Ўзбекистон ХДП шу мақсадда ташкил этган лойиҳаларидан бири эса «Депутат маҳаллада», деб номланади. Бўстонлиқ туманида мазкур лойиҳа тизимли йўлга қўйилган. Туман партия кенгаши ҳамда депутатлар маҳаллаларда сайловчиларнинг ҳолидан хабар олмоқда.
Хусусан, туман партия кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати О.Бабаев ҳамда депутатлар С. Маджитов, Ж.Садиров билан биргаликда Сойлиқ қишлоғи «Кичиксой» ва «Бирлик» маҳаллаларида бўлди. Одамларнинг турмуш тарзи билан танишиб, муаммоларини ўрганди.
Фуқаролар томонидан бир нечта мурожаатлар билдирилди. Жумладан, оилавий шифохона қишлоқдан узоқда жойлашгани аҳолига ноқулайлик туғдираётгани таъкидланди. Тиббиёт муассасасини аҳолига қулай жойга кўчиришда ёрдам сўралди. Шунингдек, ички кўчаларда тунги чироқлар йўқлиги ва чиқиндиларни олиб кетиш хизмати ишламаётгани айтилди. Шу куни маҳалла еттилиги фаолияти ҳам ўрганилди.
Аниқланган муаммолар депутатлик гуруҳида муҳокама қилинадиган бўлди ва мутасадди ташкилотларга тақдим этиш юзасидан депутат сўровлари юборилиши белгилаб олинди.