Янги давлат дастури лойиҳаси камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил
Янги давлат дастури лойиҳаси камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил

 

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили янги йилга ном бериш узоқ йиллик анъанага айланган бўлиб, бу орқали давлат ва жамиятнинг йил давомида ҳар томонлама аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим рол ўйнайди. 2025 йилга ҳам ном берилиши ва шунга мос равишда Давлат дастури ишлаб чиқилиши халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада жипслаштиришга хизмат қилмоқда. Кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили Давлат дастури бўйича Президент Фармони ҳамда дастур лойиҳасидаги барча вазифа-ташаббуслар юртдошларимизнинг кўнглидаги фикрларни ифодаламоқда.

Давлат ва жамиятни янада ривожлантириш бўйича бош ҳужжат, энг аввало, инсон учун, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси учун йўналтирилгандир. Мулоҳаза қилинса, атроф-муҳитни асраш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш биринчи навбатда инсонни асраш ва унга ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратишни англатади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Давлат дастури лойиҳасидаги аксарият вазифалар турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан Фармон ва Давлат дастури лойиҳаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан ҳар томонлама ҳамоҳангдир.

Шунингдек, дастур лойиҳасида устувор ёндашувлар ресурс тежамкор иқтисодий ривожланиш моделига ўтиш орқали 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6 фоиз ва унинг ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш, инфляцияни 5 фоиз, бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз даражасида сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадларига эришишга асос бўлади.

Бунда, 2025 йилда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий қилиш, иқтисодиётни декарбонизация қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш борасида:

Париж битимининг талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг углерод нейтраллигига эришишининг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилиши;

иқлим ўзгаришига мослашиш, “яшил технология”лар трансфертини инобатга олган ҳолда глобал миқёсда мамлакатимизни келгуси 5 йилда иссиқхона газларини қисқартириш бўйича Миллий миқёсда белгиланган ҳисса (NDC) эълон қилиниши;

метан эмиссиясини қисқартириш мажбурияти доирасида табиий газ, чиқиндилар ва чорвачилик соҳаларида метан эмиссиясининг базавий ҳолати аниқланиши;

умумий қуввати 3,5 Гигаватт бўлган 16 та йирик қуёш ва шамол станцияcини ишга тушириш, умумий қуввати 160 мегаваттли йирик гидроэлектростанцияларни барпо этиш орқали жами электр энергияси генерациясидаги улушини 26 фоизга етказилиши;

қисқартирилган иссиқхона газлари савдосидан камида 10 миллион доллар миқдоридаги хорижий маблағлар жалб қилиниши;

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон каби туристик шаҳарларни комплекс “яшил ривожлантириш”га қаратилган дастур ишлаб чиқилиб, амалга оширилиши;

Миришкор, Ғиждувон, Ромитан, Чимбой ва Амударё туманларининг комплекс иқтисодий ривожланиш мастер режалари тажриба-синов тариқасида “яшил тамойил”лар асосида ишлаб чиқилиши;

2025 йилда янги қуриладиган бино-иншоотлар ва уй-жойлар энергия самарадорлигидан келиб чиқиб, “Яшил бино” сертификати жорий этилиши белгиланганлиги аҳолини яшаш тарзини янги босқичга олиб чиқади.

Кейинги йилларда кам даромадли оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ислоҳотларнинг жуда муҳим стратегик йўналишига айланди. Жорий йилда ҳам бу борада долзарб вазифалар белгиланаётганини алоҳида қайд етиш жоиз. Жумладан, 100 минг гектар ер майдонларини ижарага бериш орқали 200 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзланмоқда.

Юқорида келтирилган ва бошқа кўплаб вазифа-ташаббусларга асосланган ҳолда, Давлат дастури лойиҳаси юртимизда ижтимоий йўналтирилган сиёсат изчил давом этишининг ўзига хос кафолати бўлмоқда.

 

Анваржон НУРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш