Маҳалла раиси — бир неча минг киши яшайдиган ҳудудга раҳбарлик қиладиган шахс. Маҳалла раислиги эса одамлар тақдири, бугуни ва эртаси, қувонч-у ташвишларидан бохабар бўлиш, демакдир. Зеро, юртимиздаги энг кичик бўғин саналган маҳаллалар бутун бир жамиятни, мамлакатни ташкил этади. Шу маънода мазкур тизимдаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар муҳим саналади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ушбу тизимга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Биламизки, амалдаги тартибга кўра фуқаролар йиғини раислари 3 йил муддатга сайланади. Аммо бу давр фуқаролар йиғини раисларига ўз билим ва бошқарув қобилиятларини тўлиқ намоён этишга етарлича имконият бермайди. Шундан келиб чиқиб, янги сайланган фуқаролар йиғини раиси тўлиқ 5 йил муддатга сайланишини белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, лойиҳа билан фуқаролар йиғини раиси сайловига тайёргарлик тадбирларини ўтказиш муддатлари ва тартибини такомиллаштириш мақсад қилинган.
Хусусан, фуқаролар йиғини сайловига тайёргарлик тадбирларини ўтказиш муддатлари ва тартибини белгиловчи ваколатларни Республика кўмаклашувчи комиссияларидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кўмаклашувчи комиссияларига берилиши белгиланмоқда. Бугун давр ҳам, амалиёт ҳам фуқаролар йиғини раиси сайловига оид қонунчиликни такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Бундан ташқари, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказиш орқали фуқаролар йиғини раисини беш йил муддатга сайлаш тартиби белгилаш назарда тутилмоқда. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатларни эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ўтказиш таклиф қилинган.
Қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан депутатлар амалдаги тартиб эскириб қолганини ва янгилик жорий этиш яхши самара бериши мумкинлигини таъкидлади. Уларнинг сўзларига кўра, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига ўтказилиши тизимдаги ўзгаришларга сабаб бўлади. Ўзгаришларнинг татбиқ этилиши фуқаролар йиғини ваколатларини янада кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали ташкил этилишига хизмат қилиши таъкидланди. Муҳими, мазкур жараёнда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида масъулияти ошади.
Депутатлар ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Келгуси ўқишгача қўшимчалар устида ишлашга келишилган ҳолда лойиҳа концептуал жиҳатдан маъқулланди.