Ўзбекистон ХДП Тошлоқ туман кенгаши ташкилоти ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги «Қумариқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 93-оилавий поликлиника ҳамда 16-болалар боғчаси ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» Давлат дастури лойиҳа мазмун моҳияти ҳақида сўз борди.
Муҳокамаларда сўзга чиққанлар лойиҳада мамлакатимиз тараққиётини мустаҳкамлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтди.
Жумладан, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда яшил иқтисодиётни ўрни айниқса қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, Давлат бошқарувини демократлаштириш ва янада такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни давом эттиришга оид вазифаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш ва ташқи сиёсат йўналишларида жорий йилда амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Тадбир иштирокчилари Давлат дастури лойиҳасидаги партиямиз дастурий мақсадларига уйғун масалаларга алоҳида урғу берди. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштиришга оид таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.