Шу кунларда халқимиз юртимиздаги энг муҳим ва тарихий санани байрам қилмоқда. Яъни, Ватан ҳимоячилари куни ва мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги кенг нишонланмоқда. Кеча шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ҳам соҳа ходимларига байрам табригини йўллади.
Ана шундай қутлуғ айём кунларида ҳар бир инсон Ватан нечоғлик азиз ва муқаддас гўшалиги, унинг ҳимояси чинакам мардлик, фидойилик эканини янада теранроқ ҳис қилади.
Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган соҳа ходимларининг улуғ ва шарафли хизматини қайта-қайта эътироф этади.
Инсон учун киндик қони тўкилган жойдан қимматли даргоҳ бўлмаса керак. Киши қаерда бўлмасин томири сув ичган тупроққа талпинади, она Ватан деб аталган гўшани юрагининг туб-тубида асрайди, ардоқлайди. Чунки унда аждодларнинг излари қолган, у ота-боболардан мерос. Киши Ватанидаги тупроқда илк қадамларини қўяди, дунёни, атрофни танишни Ватанни англашдан бошлайди. Бизни бағрида эркалаб ўстирган, фарзандларимизга бешик бу гўша. Шунинг учун Ватан инсон учун муқаддас, унинг қиёси йўқ, у ҳар қанча севишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқ.
Ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Бугун дунёнинг айрим давлатларида аҳвол кескинлашиб, ниҳоятда нотинч вазият юзага келган. Шундай таҳликали замонда мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини ишончли таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Тинчлигимизни асраб, бугунги ютуқ ва марраларимизда ҳам Қуролли Кучларимиз ва уларнинг сафида хизмат қилиб, юрт тинчлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилишда жасорат ва матонат кўрсатаётган минг-минглаб ҳарбийларимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини барчамиз чуқур ҳис қиламиз.
Ватанни ҳимоя қилишдек дунёдаги энг улуғ ишни шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур ҳарбийларимиз бор бўлсин, деймиз!
Куни кеча мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида давлатимиз раҳбарининг Фармони эълон қилинди. Мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини юксалтириш, профессионал миллий армияни шакллантириш, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашдаги катта хизматлари, шарафли ва муқаддас бурчини бажаришда мардлик ва жасорат кўрсатгани, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ватанпарвар юртдошларимиз мукофотланди. Албатта, бу ишонч, рағбат соҳа ходимларига куч-қувват, шижоат бағишлайди.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табриги ҳам соҳа ходимлари қатори барча юртдошларимизнинг руҳини, кайфиятини кўтарди. Байрам табригида келтирилган фикрлар, айнан Юртбошимизнинг соҳа ходимларига билдирган миннатдорлиги ва ишончи фахр-ифтихор билан эътироф этилмоқда.
Байрам табригини тинглаб, ўқиб, эшитиб, Халқ демократик партияси вакиллари, депутатлар, фаоллар ўз фикр ҳамда хулосаларини таҳририятга жўнатишди.
Сайёра АБДУКАРИМОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
– Мамлакатимиз Қуролли Кучлари давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг осуда ҳаётини таъминлашнинг асоси десак муболаға бўлмайди. Айтиш керакки, кейинги йилларда миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган кучга, эл-юртимиз таянчи ва суянчига айланди.
Бугун Ўзбекистон профессионал тайёргарликка эга бўлган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир миллий армиясига эга.
Сўнгги вақтларда дунёнинг турли жойларида кескин тус олаётган вазият, турли қарама-қаршиликлар, можаро ва қон тўкишлар, халқаро терроризм хавф-хатарлари кучайиб бораётгани Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва жанговар қобилиятини ҳар томонлама мустаҳкамлашни талаб этади. Ҳозирги таҳликали замонда ўз суверенитети, эркинлигини ҳимоя қилиш, асраш учун мамлакат энг аввало ҳарбий жиҳатдан кучли бўлиши керак. Ички ишлар органлари ходимлари ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаётган, Ватанимиз ва халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилаётган Қуролли Кучларимиз мамлакатнинг бу борадаги таянчи ва суянчи бўлиб, беқиёс матонат намунасини кўрсатиб келмоқда.
Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида барча қўшин турлари замонавий қурол-яроқ ва техника билан таъминланаётгани, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб, миллий армиямиз улар учун, ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланаётгани алоҳида эътироф этилди.
Ҳақиқатан ҳам ўтган йиллар мобайнида тизимда олиб борилган ислоҳотлар натижа сида Қуролли Кучларимизнинг қудрати ва салоҳияти янада юксалди. Миллий армиямиз замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминланди.
Тарихимизда илк бор ўз моҳиятига кўра ноёб тизим — ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш имконини берди. Мудофаа саноатида маҳаллийлаштириш ишлари йўлга қўйилди.
Мудофаа саноати мажмуаси корхоналари фаол ривожлантирилмоқда, айрим турдаги қурол-яроғ ва техника турларини ишлаб чиқариш ва модернизация қилишни маҳаллийлаштириш бошланди.
Натижада соҳанинг моддий-техник базаси янгиланди. Ҳарбий хизматчиларнинг касбий билим ва маҳорати оширилиб, моддий таъминоти янги даражага кўтарилди. Шунингдек, ҳар томонлама билимли, маҳоратли, жасур ва довюрак, иродали Ватан ҳимоячиларини тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қара тилмоқда.
Хусусан, ҳарбий ўқув юртларимиздаги таълим тизими эса тубдан ўзгармоқда. Уларда бўлғуси офицерларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига тўла мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги бўлган ўқув-техник ва маънавий-ахлоқий асосда йўлга қўйилган.
Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Сўнгги йилларда Ватан ҳимоячиларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси мустаҳкамланиб, кўплаб оилалар уй-жой билан таъминланиб, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқишга кирганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ҳарбийларимиз оилаларини қўллаб-қувватлаш, ёшлар қалбида армиямиз билан фахрланиш туйғуси, Ватан ҳимоячисидек олижаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини янада кучайтиришда муҳим, албатта.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Инсон учун тинчлик-осойишталикдан азизроқ неъмат йўқ. Тинч ва осойишта ҳаётимиз, ёруғ ва бехавотир кунларимиз эса ҳарбийларимизнинг фидойилиги, садоқати, матонатига боғлиқ. Зеро, улар бугунги тинч-осойишта, дориломон, фаровон ҳаётимизнинг кафолатидир.
Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқир эканман, тизимда олиб борилаётган катта ислоҳотлар бирма-бир хаёлимдан ўтди.
Эҳтимол, ўтган қисқа давр тарих олдида катта рақам эмасдир, лекин шу вақт ичида ҳарбий соҳада олиб борилган тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг ҳарбий салоҳияти янада юксалди. Ўзбекистон армияси дунёнинг энг кучли 20 талигига кирди.
Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси сезиларли равишда кучайтирилди. Бугун халқ билан армиянинг бирлиги, якдиллиги амалда тўлиқ намоён бўлиб, ҳарбий хизмат жамиятда чинакам шарафли касбга айланди.
Эътиборли яна бир жиҳати, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида Қуролли Кучларнинг рақамли салоҳиятини ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Ушбу дастурий ҳужжатда қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, замонавий жанг ва ҳарбий можаролар ҳамда хорижий армияларнинг илғор тажрибасини ўрганиш асосида қўшинларнинг жанговар шайлиги ва маҳоратини ривожлантириш ҳам ўз ифодасини топган.
Бугунги қутлуғ айёмда яна бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. Ҳозирги кунда Қуролли Кучлар тизимидаги туб ислоҳотларда “Инсон қадри учун” деган муҳим тамойил марказий ўринга қўйилмоқда.
Соҳадаги саъй-ҳаракатлар ёшлар қалбида армия билан фахрланиш, Ватан ҳимоячиси бўлишга интилишни кучайтирмоқда. Қуролли Кучлар академияси, янги ташкил этилган Ҳарбий-тиббиёт академияси, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ва бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасалари профессионал кадрлар тайёрланадиган масканларга айланди. Бу орқали ёшлар ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш ва интилиш янада ошди.
Давлатимиз раҳбари байрам табригида “Бугунги кунда навқирон авлодимиз ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизларимиз Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Биз ана шундай ўтюрак фарзандларимиз тимсолида бўлғуси қаҳрамонларимиз, Қуролли Кучларимизнинг бўлажак офицер ва генераллари, моҳир қўмондонларни кўрамиз”, дея таъкидлагани мард ва жасур ёшларимизга билдирилган юксак ишончдан далолат.
Миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларнинг кейинги фаолияти ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида.
Олий ўқув юртларига ўқишга киришда уларга алоҳида имтиёзлар белгилангани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётгани ана шулар жумласидандир.
Бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилади. Байрам табригида ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши алоҳида қайд этилди. Аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифа бўлиши таъкидланди.
Мақсадлар катта, вазифалар кўлами кенг. Энг муҳими, буларнинг барчаси мамлакатимиз Қуролли кучларининг салоҳиятини, қудратини янада юксалтиради. Тизимда бошлаган ишларимизни мутлақо янги сифат босқичига кўтаради.
Байрам муносабати билан барча Ватан ҳимоячиларини самимий табриклаймиз. Биз жасоратингиз ва матонатингиз олдида бош эгамиз. Жанговар руҳингиз ва шиддатингизга кўз тегмасин!
***
Ота-боболаримиз ҳарбийлик — мардлар касби, деб кўп уқтиришган. Шунинг учун ҳам Ватан ҳимоячилари доимо улуғланади, шарафланади. Ватан азиз, уни муҳофаза қилиш улуғвор жасоратдир. Шу боис ҳам уни муқаддас бурчга менгзашади. Ана шу улуғ бурчни сидқидилдан адо этаётган мард-жасур ўғлонларимиз бор экан, давлатимизнинг мудофаа қобилияти юксалаверади.
“Ўзбекистон овози” мухбири
Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.
«Ўзбекистон овози», 15.1.2025, №2