Дастурда партиямиз ташаббуслари акс этган
Дастурда партиямиз ташаббуслари акс этган

 

Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати унда мақсад аниқ. Давлат дастури лойиҳаси асосий мазмуни мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилмоқда. Ният эса эзгу. Ҳар бир йўналишда, ҳар бир ўзгаришда халқ манфаати устувор.

Нега ўзи дастур тайёрланади? Сабаби, оддий, яъни, у амалга ошириладиган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилади. Устувор йўналишларни қамраб олган дастур лойиҳасида мамлакатимизни янада тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган катта мақсадлар илгари сурилган. Давлат дастури лойиҳасида миллий тараққиётимизнинг муҳим ва устувор йўналиши бўлган тиббиёт ва таълим соҳаларида бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор ташаббуслар жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган.

Бугун қизғин муҳокама қилинаётган дастур лойиҳасидаги барча вазифалар, режа ва ташаббуслар халқимизнинг орзу-мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлгани билан одамларимизни ниҳоятда мамнун этди.

Яна бир муҳим жиҳати, лойиҳада партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган бир қатор ғояларга мос келадиган вазифалар бор. Айниқса, ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларнинг белгиланиши партиямиз, электоратимиз учун принципиал аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Масалан, Дастур лойиҳасига кўра, республикамизнинг ҳар бир туманида (шаҳрида) босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаб фаолияти ташкил этилади. Бу жамиятимизда жисмоний, ижтимоий-иқтисодий ҳолати, келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир инсон, айниқса, болалар ва ёшлар таълим-тарбия олишда тенг имкониятларга эга бўлишида муҳим аҳамиятга эга, албатта.

Дарҳақиқат, ногиронлиги бўлган болалар ҳам соғлом болалар билан бир хил эътиборда ўқий олиши керак. Таҳлилларга кўра, агар мактабларда инклюзив таълим билан қамраб олиш учун шароит яратилса, ногиронлиги бор 16 ёшгача болаларнинг 80 фоизидан ортиғи бемалол мактабга бора олади. Давлат дастури лойиҳасида бу йўналишда белгиланган вазифалар ижроси қанчадан-қанча ўғил-қизнинг кўнглига ёруғлик олиб киради, улар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини ҳис қилади, шу тариқа ҳаётга қараши ўзгаради. Шунда ногиронлиги бор бола тенгдошларидан ўзини айро ҳис қилмайди, ўзига нисбатан ишончи ошади, интилиши кучаяди.

Маълумки, партиямиз дастурий ғояларида кам таъминланган, эҳтиёжманд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи устуворлик касб этади. Масалан, Давлат дастури лойиҳасида жорий йилнинг ўзида 3,5 минг камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилинишининг ўзи ҳам эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, бундай оилаларда ўсаётган минглаб ёшларнинг таълими, ёруғ келажаги учун муҳим пойдевор яратилишини билдиради, уларнинг келажакка ишончини оширади.

Конституциямизга кўра, Ўзбекистон ижтимоий давлатдир. Давлат дастури лойиҳасида бу борада кўплаб ташаббуслар борлиги халқимизни ниҳоятда мамнун этмоқда. Энг муҳими, ушбу ҳужжат мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган сиёсат изчил давом этишининг яна бир яққол ифодасидир.

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 15.1.2025, №2

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш