Муҳокамада фаол иштирок этиш муаммолар ечими сари қўйилган дастлабки қадамдир
Муҳокамада фаол иштирок этиш муаммолар ечими сари қўйилган дастлабки қадамдир

 

Бугун мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак, деган қатъий талабнинг ётгани бежиз эмас. Президентимизнинг қайси бир маъруза ва нутқларига эътибор берманг, уларнинг асосини, раҳбарларнинг халқимизга хизмат қилишдек энг муҳим вазифаси ҳақидаги хулосалар ташкил этади.

Ҳа, бугун Янги Ўзбекистонда одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳаётини ўзгартириш, шаҳар ва қишлоқларда бирдек замонавий шарт-шароитларни барпо этиш, ривожланган илғор давлатлар қаторига қўшилиш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш бош мақсад қилиб белгиланди. Ана шу мақсадга эришиш учун мамлакат раҳбари ташаббуси билан ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид бир нечта меъёрий ҳужжатлар, қатор қонунлар қабул қилинди, амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, кўплаб дастур ҳамда лойиҳалар илгари сурилди.

Кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Давлат дастури лойиҳасида ҳам атроф-муҳитни асраш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш орқали айнан халқимизнинг фаровонлигини ошириш, иқтисодий-ижтимоий шароитларини янада яхшилашга доир аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Давлат дастурида 275 та чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар учун ажратилаётган салмоқли маблағларнинг ўзи ҳам жорий йилда юртимизда қанчалик катта ҳажмдаги ишлар бажарилишини кўрсатади.

Чора-тадбир ва вазифалар кўлами жуда ҳам салмоқли. Шундай бўлса-да, Давлат дастурининг кенг халқ оммаси муҳокамасига қўйилиши, мамлакатимизда кейинги йилларда давлат бошқарувидаги очиқлик сиёсати янада мустаҳкамланаётганининг намунасидир. Албатта, берилаётган бу имкониятлардан фуқаролар тўлақонли фойдаланишининг аҳамияти беқиёс. Зеро, одамлар ҳаётининг муносиб даражасини таъминлашда давлат органларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, аҳоли муаммолари билан ишлашнинг янги самарали механизмларини жорий этиш, уларни безовта қилаётган ҳаётий муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда фуқароларнинг ҳам фаоллиги ниҳоятда зарур. Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиш, мавжуд муаммолар ечими сари қўйилган дастлабки қадамдир.

Эътиборли жиҳати, лойиҳада тақдим этилган масалалар партиямиз Сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифалар билан уйғун эканидир. Бу бежиз эмас, албатта. Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат, ижтимоий соҳани ривожлантириш эса, унинг бош мақсадларидан биридир. Давлат дастури лойиҳасининг иккинчи йўналиши мазкур соҳага бағишланган. Унда, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини ташкил этишни янада рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва соҳани такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар белгилаб олинганини кўриш мумкин. Яқин-яқингача ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилаётганларга айниқса, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарига тегишли имтиёзлар бериш борасида муаммоларни кўпчилик яхши билади. Давлат дастурида уларнинг ҳам ижтимоий ҳимояси учун бир қатор вазифаларнинг белгиланганининг ўзи қанчадан қанча оилаларга хотиржамлик ҳиссини олиб киради.

Умуман, Давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар мамлакатимизда ислоҳотлар инсонпарварлик тамойили асосида олиб борилаётганининг яна бир яққол мисолидир.

 

Олим РАВШАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 15.1.2025, 2

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш