Камбағалликни қисқартириш – аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил
Камбағалликни қисқартириш – аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил

 

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили янги йилга ном бериш анъанага айланган. 2025 йилга ҳам ном берилиши ва шунга мос равишда Давлат дастури ишлаб чиқилиши халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада жипслаштиришга хизмат қилмоқда. Кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” Давлат дастури лойиҳасидаги барча вазифа-ташаббуслар юртдошларимизнинг кўнглидаги фикрларни ифодаламоқда.

Давлат ва жамиятни янада ривожлантириш бўйича бош ҳужжат, энг аввало, инсон учун, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси учун йўналтирилгандир. Мулоҳаза қилинса, атроф-муҳитни асраш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш биринчи навбатда инсонни асраш ва унга ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратишни англатади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Давлат дастури лойиҳасидаги аксарият вазифалар турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан фармон ва Давлат дастури лойиҳаси Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадлари билан ҳамоҳангдир.

Шунингдек, дастур лойиҳасида устувор ёндашувлар ресурс тежамкор иқтисодий ривожланиш моделига ўтиш орқали 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6 фоиз ва унинг ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш, инфляцияни 5 фоиз, бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз даражасида сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадларига эришишга асос бўлади.

Бунда, 2025 йилда “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий қилиш, иқтисодиётни декарбонизация қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш борасида Париж битимининг талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг углерод нейтраллигига эришишининг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгаришига мослашиш, “яшил” технологиялар трансфертини инобатга олган ҳолда глобал миқёсда мамлакатимизни келгуси 5 йилда иссиқхона газларини қисқартириш бўйича Миллий миқёсда белгиланган ҳисса (NDC) эълон қилиниши йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, бугун халқимиз томонидан энг кўп муҳокама қилинаётган қатор масалаларга илмий ва қонуний ечим ҳам қайд этилмоқда. Жумладан, умумий қуввати 3,5 Гигаватт бўлган 16 та йирик қуёш ва шамол станцияcини ишга тушириш, умумий қуввати 160 мегаваттли йирик гидроэлектростанцияларни барпо этиш орқали жами электр энергияси генерациясидаги улушни 26 фоизга етказилиши белгиланмоқда. 2025 йилда янги қуриладиган бино-иншоотлар ва уй-жойлар энергия самарадорлигидан келиб чиқиб, “Яшил” бино сертификати жорий этилиши белгилангани эса аҳолини яшаш тарзини янги босқичга олиб чиқади.

Кейинги йилларда кам даромадли оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ислоҳотларнинг жуда муҳим стратегик йўналишига айланди. Жорий йилда ҳам бу борада долзарб вазифалар белгиланаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Жумладан, 100 минг гектар ер майдонларини ижарага бериш орқали 200 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзланмоқда.

Юқорида келтирилган ва бошқа кўплаб вазифа-ташаббусларга асосланган ҳолда, Давлат дастури лойиҳаси юртимизда ижтимоий йўналтирилган сиёсат изчил давом этишининг ўзига хос кафолати бўлмоқда. Қисқа қилиб айтганда, янги Давлат дастури лойиҳаси, яъни, яшил трансформацияни амалга ошириш камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил, деб ҳисоблайман.

 

Анваржон НУРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 15.1.2025, №2

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Давлат дастурига таклифлар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш