Одам савдоси учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Одам савдоси учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

 

Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» ғоясини тўлақонли рўёбга чиқариш ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳисобланади. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда ҳам «инсон-жамият-давлат» тамойили ўз аксини топган. Зеро, бизнинг барча соҳалардаги ислоҳотларимиз энг аввало юртимизда яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган.

Айнан шунинг учун ҳам маънавий баркамол инсонни тарбиялаш, таълим-тарбияни юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори бўладиган авлодни вояга етказиш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлаяпти.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчиликни такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, инсоннинг эркинлигига қарши қаратилган энг оғир жиноятлардан бири бу одам савдосидир. ХХI асрнинг глобал муаммоси деб аталаётган одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Одам савдоси трансмиллий жиноят бўлиб, давлат, ёш, миллат танламайди. Бугун замон шиддат билан ўзгараётган, фан-техника тараққиёти кучайган бир даврда бу жиноятга қарши курашиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

У инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қўпол равишда бузган ҳолда эркак, аёл ва болаларни ўз қурбонига айлантиради. Жисмоний ва руҳий жиҳатдан азоб бериб, ҳуқуқларини чеклайди, бировларнинг қўлида қул бўлишга маҳкум этади. Бир сўз билан айтганда, одамларнинг умрига зомин бўлади.

Аксарият ҳолларда бу жиноят билан шуғулланувчилар инсонни алдаб, қўрқитиб, катта пул топиш, яхши шароитда яшаш имконияти ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, уларни ноқонуний йўллар билан хорижий давлатларга олиб чиқиб кетишади. Одам савдосининг қурбонлари эса асосан аёллар ва болалар бўлаётганлиги ачинарлидир. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши, ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслиги, осон пул топишга умид қилувчи, ёт таъсирларга тез берилувчан фуқаролар жиноятчилар тўрига осон илинадилар.

Юртимизда одам савдосига қарши курашиш, бу жиноят жабрдийдаларини ҳимоялаш ва реабилитация қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тегишли қонун, қарор ва фармонлар одам савдосининг олдини олишга, бу жиноятнинг ҳалокатли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилаяпти.

Одамлардан ноқонуний фойдаланишга, уларнинг миграцияси ва савдосига қарши курашга оид чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 декабрдаги «Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссияси қайта ташкил қилиниб, мазкур комиссия ўз фаолиятини самарали равишда амалга оширмоқда.

Одам савдосига қарши курашишда давлат ташкилотлари билан бирга, нодавлат, нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлиги кучаймоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан «30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни» деб эълон қилинганлиги ҳам одам савдосига қарши курашиш дунё миқёсида долзарб масала эканлигини кўрсатади.

Қашқадарё вилоятида ўтган йили одам савдоси билан боғлиқ жами 96 та ариза ва шикоятлар тегишли ташкилотларга келиб тушган. Уларнинг 7 таси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 89 таси бўйича профилактик тадбирлар олиб борилган.

Одам савдосидан жабрланган, деб тахмин қилинаётган 9 нафар фуқаро Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация марказига юборилган.

Жиноятчиликка қарши курашишда жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам бу соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилиб борилмоқда.

Жумладан, 2024 йилнинг 20 декабрь куни Олий Мажлис Сенати томонидан «Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланганлиги ҳам бу масаланинг ўта долзарблигидан далолат беради.

Мазкур Қонунда энг оғир жазо сифатида Жиноят кодексининг 135-моддасининг учинчи қисми санкциясида ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. (Амалда эса мазкур модданинг учинчи қисмида саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.)

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 2-қисмига оғирлаштирувчи ҳолатлар қаторига фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида одам савдоси жинояти содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи малакаловчи белгининг киритилиши ҳам жиноий қилмишнинг оғирлигига мувофиқ жазонинг кучайтирилаётганлигини англатади.

Жазо чораларининг кучайтирилиши одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда, айбдор шахсларга нисбатан муросасиз курашишда ҳамда жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 15.1.2025, №2

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш