Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Уставига мувофиқ, партия Ижроия қўмитаси ва фракциясининг 2024 йилдаги фаолияти натижалари муҳокама қилинди. Шунингдек, 2025 йил ҳамда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган вазифаларни белгилаш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилдики, юртимизда амалга оширилиб келинаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манфаатларини тўла маънода ифода этади. Буларнинг замирида халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак, деган қатъий талаб ётгани ҳам бежиз эмас.
Янги Ўзбекистонда одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳаётини ўзгартириш, шаҳар ва қишлоқларда бирдек замонавий шарт-шароитларни барпо этиш, ривожланган илғор давлатлар қаторига қўшилиш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш бош мақсад қилиб белгиланди.
Ана шу мақсадларга эришиш учун ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид бир нечта меъёрий ҳужжатлар, қатор қонунлар қабул қилинди, амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, кўплаб дастур ҳамда лойиҳалар илгари сурилди. Хусусан, 2024 йил 27 октябрда Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга очиқлик ва рақобат руҳида ўтган сайловлар янгиланган Асосий қонунимизни ҳаётга татбиқ этиш йўлида ғоят муҳим қадам бўлди. Сайловлар натижаларига кўра, юртимизда конституциявий ҳуқуқ ва ваколатлари кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги вакиллик тизими шаклланди.
2024 йилги натижалар ҳақида гап кетар экан Ўзбекистон ХДП фаолиятида асосий эътибор ўз дастурий вазифаларини амалга оширилишига қаратилганига урғу берилди. Таъкидланишича, партия фракцияси 2 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқди, 6 та қонун лойиҳасига ҳам ташаббускор бўлди. Фракция ташаббуси билан 2 марта ҳукумат соати, 3 марта парламент эшитуви ўтказилди. 2 та парламент, 49 та депутат сўрови юборилди. Шунингдек, фракция йиғилишларида 6 марта ҳукумат аъзоларининг ахбороти ва 4 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилди.
Қолаверса, 30 га яқин қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамаси ташкил этилди. Сайловчилар билан учрашув, сайёр қабулларда фракция аъзоларига 1468 та мурожаат келиб тушди.
Пленумда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Унга кўра, фуқароларнинг турмуш фаровонлиги, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган 800 дан ортиқ муҳим масалаларни қамраб олган амалий Ҳаракат дастури асосида фаолият ташкил этилган. Шундан келиб чиқиб, 686 та масала партия гуруҳларида муҳокама қилинди. 612 та масала доимий комиссия йиғилишига ва 562 та масала сессия кун тартибига олиб чиқилди, партия электорати манфаатларига доир тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича тизимли парламент ва депутатлар назорати амалга оширилиши натижасида 116 та масала доимий комиссия, 93 таси эса сессияга киритилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида доимий комиссияда 128 та масала кўрилган бўлса, уларнинг 127 таси сессияда муҳокама қилинди.
Ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган 2 833 та депутатлик сўрови юборилиб, шундан 2 042 таси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, 526 маротаба жойлардаги ҳудудий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари ва ахборотлари эшитилди.
Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ва тушунтириш, партиянинг жамиятдаги ижобий имижини яратиш мақсадида ўтказилган 17 мингдан ортиқ тарғибот, ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Барча амалий ишлар натижасида 155 мингдан зиёд фуқаро партия аъзолигига қабул қилинди.
Пленумда 2025 йилдаги режа ва мақсадларни амалга ошириш учун барча даражадаги партия ташкилотлари, депутатлар, фаоллари белни маҳкам боғлаб, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, ислоҳотлар кузатувчиси эмас, балки фаол иштирокчиси бўлиши кераклиги қайд этилди. Бу борада эътибор қаратилиши зарур бўлган масалаларга тўхталиб ўтилди.
Аввало, 2025 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси кенг муҳокамасида партия кенгашлари ва депутатлик корпуси фаол иштирок этиши ҳамда тарғибот ишларини олиб бориши лозим. Парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил йўналишлардаги фаолиятини янада кучайтириш, айниқса, қонунлар ижросини қуйидан бошлаб назорат қилишга қаратилган парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг барча механизмларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратиш керак.
Қолаверса, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти ва партиянинг аҳоли ўртасидаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш талаб этилади. Бунда, авваламбор, депутатлар фаолияти ва амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида сайловчиларни мунтазам хабардор қилиб бориш ҳамда ўрганишлар орқали муаммоларни тезкорлик билан ечиш чораларини кўриш лозим.
Бундан ташқари, ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича “маҳаллабай” ва “фуқаробай” шаклида олиб борилаётган ишларни ташкил қилишда партия ташкилотлари ва депутатларнинг иштирокини самарали таъминлаш зарур. Шу билан бирга, партия электоратининг асосий ижтимоий гуруҳларини тизимли ва тўла қамраб олинишини таъминлаш, партиянинг сиёсий позицияси ва дастурий мақсадларини тушунтириш орқали ижтимоий-сиёсий тадбирлар аудиториясини янада кенгайтириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳати, партиянинг асосий бўғини ҳисобланган бошланғич ташкилотлар билан ишлаш чора-тадбирларига янги суръат бериш, яъни БПТлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қонун ва бошқа норматив ҳужжатларга таклифларни қуйидан, айнан бошланғич ташкилотлардан олиш тизимини йўлга қўйиш зарурлиги тушунтирилди.
Энг асосийси, ҳар қандай масалани “режа, ижро, таҳлил ва ечим” бўйича узвийликда олиб бориш энг мақбул ҳамда самарали йўл экани таъкидланди.
Пленумда кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси вазифалар билан боғлиқ пленум қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.