“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури мақсади билан танишиб чиқар эканман, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда “яшил трансформация”ни амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш борасидаги ташаббуслар эътиборимни тортди. Шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш билан боғлиқ вазифалар ўта долзарбдир.
Яна бир муҳим жиҳати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенциянинг Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажариш албатта Ўзбекистон мавқеини оширишга олиб келади.
Давлат дастури лойиҳасида 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли кўрсаткичларида ижтимоий соҳага эътибор ортганини кўриш мумкин. Бу эса Конституциямизга киритилган ўзгаришлар ишга тушганидан далолатдир.
Биргина таълим соҳасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жамғармасини шакллантиришга — 120 миллиард, таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш жамғарма мақсадига 250 миллиард, 1500 нафар чет эллик ўқитувчини таклиф этиш учун эса 250 миллиард сўм йўналтирилиши эса давлат сиёсатида ижтимоий соҳанинг асосий йўналиши ҳамон таълим соҳаси эканини англатади.
2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат дастурларига 2,79 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган, бу 2024 йилга нисбатан 19,2 фоиз ёки 450,8 миллиард сўмга кўпроқ. Албатта бу маблағларнинг кўп миқдори аёллар ва болалар соғлиғини таъминлашга йўналтирилишига ишонамиз. Буни аёлларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизимини яратиш ва электрон базасини (рўйхати) шакллантириш билан боғлиқ вазифалар белгиланганидан ҳам кўришимиз мумкин.
Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида инновацион ёндашувлар ҳам муносиб ўрин олгани қувонарли. Жумладан, уйда таълим олаётган ўқувчилар учун таълимнинг мазкур йўналиши бўйича электрон ва видео дарсликлар яратилиши ўқувчиларга енгиллик ҳамда қулайлик яратилади. “Рақамли кутубхона” тизимининг китобларга буюртма бериш модулини жорий этилиши эса уларнинг билим ва кўникларини оширишга хизмат қилади.
Ўйлаймизки, айни пайтда қизғин муҳокама қилинаётган Давлат дастури лойиҳаси аҳоли ва турли соҳа вакиллари, сиёсатшунослар, экспертлар таклифлари асосида янада мукаммал ҳолатга келтирилади. Дастурнинг қабул қилиниши ва ижросини таъминланишида депутатларнинг масъулияти ҳамда қатъиятлилигининг ҳам ўрни катта. Биз депутатлар ўз сайловчиларимиз манфаатларини ҳимоя қилишдек масъулиятни зиммамизга олган эканмиз, бу йўлда бор билим ва кўникмаларимизни ишга солишимиз шарт, деб ҳисоблайман.
Умида НИШОНБЕКОВА,
Янгиҳаёт туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари.