Жамоатчилик қабулхоналарида мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда
Жамоатчилик қабулхоналарида мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда

 

Ҳар бир сиёсий партия ўз электорати вакиллари манфаатини самарали ҳимоя этиши учун, аввало, уларни ташвишга солаётган масалаларни чуқур ўрганиши керак. Сиёсий партиянинг электорат билан алоқалари, унинг муаммоларини ўрганиш йўллари турлича бўлиши мумкин. Бу борада Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзига хос тажрибага эга. 2005 йилдан буён партия кенгашлари қошида Жамоатчилик қабулхоналари фаолият юритиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида улар ор­қали электоратни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича катта тажриба тўплади.

Маълумки, ҳеч ким қабулхонага сабабсиз келмайди. Ҳар бир мурожаат ортида кимнингдир ёки кўпчиликнинг муаммоси ётади. Баъзида эса одамлар эътиборсиз ва расмиятчиликка дуч келиб, партиянинг Жамоатчилик қабулхоналарига мурожаат қилади. Демак, тушаётган ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қол­маслиги керак.

Таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак, қабулхоналар фаолиятининг изчил ташкил этилиши натижасида мурожаатлар сони сезиларли даражада кўпайди. Мисол учун, 2024 йилда партия маҳаллий кенгашларига мурожаат қилган фуқаролар сони 9139 нафарни ташкил этган.

Мурожаатларнинг 1151 таси иш билан таъминлаш, 1347 таси уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, 1370 таси ижтимоий масалалар ва соғ­лиқни сақлаш, 104 таси халқ таълими соҳасида дуч келинаётган муаммолар, шу­нинг­дек, 2200 дан ортиғи моддий ёрдам тўғрисида, 557 таси кредит олиш масалалари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг 88 фоиздан ортиғи ўз ижобий ечимини топган.

Айримларига юридик маслаҳатлар берилган бўлса, қолганлари назоратга олинган. Бир сўз билан айтганда улардан бирортаси ҳам эътиборсиз қолмаган. Айниқса, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах вилоят кенгашлари ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти намунали ташкил этилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларнинг аксарияти коммунал соҳа, бандлик масаласи, иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни вақтида олиш каби ижтимоий соҳаларга тўғри келади.

Айтиш лозимки, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар таҳлили вилоятларда қайси йўналишларда муаммолар борлиги, нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатиб турибди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари доимий комиссия ва сессия­лар муҳокамасига масала киритишида айнан Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар таҳлили муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш, уларни замон талаби даражасида шакллантириш зарур. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғояларига хайрихоҳ бўлган кишилар ишончини оширишга, электорат муаммоларининг эътиборсиз қолмаслигига, сиёсий партиянинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Баходирхон КАМОЛОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши шўъба мудири.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш