Ҳуқуқ ва манфаатлар, бурч ва масъулият тамойилларини такомиллаштирилмоқда

 

Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этишга ҳамда маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормалари билан уйғунлаштириш. Бу сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда татбиқ этилаётган асосий тамойиллардан саналади. Муҳими, бу орқали миллий қонунчилигимизга илғор хорижий тажрибани сингдириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган меъёрлар киритиш зарурати мавжуд.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларидан бири айни ушбу масалаларни ўз ичига қамраб олган. Яъни, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги лойиҳасида маҳкумларнинг жазо ўташ муддатини ўзини ўзи тарбиялаш йўли билан тузалиш йўлига ўтганини тасдиқловчи ҳаракатларни амалга ошириши енгиллик ҳамда имтиёзларга сабаб бўлиши мумкин, дейди қонун ташаббускорлари.

Шунингдек, қуйи палатага киритилган янги қонун лойиҳаси билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал қилиш вақтида ҳисобга олинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Депутатлар маҳкумнинг китоб ўқишига оид саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, Зуҳра Шодиева битта китобни ўқиб чиқиш жазо муддатини қанчага қисқартириши мумкинлиги ҳақида сўради.

Ташаббускорларга кўра, бу ўқилган китобнинг ҳажми, мазмунига ҳам боғлиқ. Шунингдек, хорижий тажриба инобатга олинади. Масалан, бир маҳкум икки соатда қанча саҳифа ўқишига қараб ҳам аниқлаштирилиши мумкин. Белгиланган тартиб-қоидага мувофиқ битта китобни ўқиб, ўзлаштириш жазони ижро этиш муддатини 3 кунгача камайтиришга асос бўлади.

Фракция аъзолари китоблар фонди, адабиётлар қайси тилларда экани, уларнинг мазмунига тегишли масалаларда ҳам изоҳ сўради. Маҳкумларнинг китобга бўлган муносабатини ўзгартириш, уларни ўзини-ўзи тарбиялашга рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси концепцияси маъқулланди.

Фракция йиғилишда, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Масъуллар ушбу ўзгартишларнинг аввало ўтган даврда қабул қилинган 20 дан ортиқ қонун, 70 га яқин фармон ва қарорга мувофиқ, Миллий гвардия фаолиятига оид қонунчилик базасининг ривожланиб бораётганини қайд этди. Шунингдек, ташкилий-штат тадбирларига билан таркибий ва ҳудудий бўлинмалар фаолияти инсон, жамият ва давлат манфаатлари йўлида такомиллаштирилиб, турли соҳа ва тармоқларда янгича вазифаларнинг белгиланиши Миллий гвардиянинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қайта кўриб чиқишни тақозо этиши таъкидланди.

Лойиҳага кўра, жамоат тартибини сақлаш ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш чоғида фойдаланиш учун Миллий гвардия замонавий махсус воситалар билан таъминлаш асосида мамлакатда барқарорликни таъминлашда янгича ҳуқуқий асослар шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Депутатлар бир қатор масалаларда аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, Миллий гвардиянинг ваколатлари қайси ҳудудлардан бошланиб, қаерда тугашининг чегараси, тизим хизматчисига бериладиган махсус воситаларнинг инсон саломатлиги ҳамда ҳаётига таъсирига қай даражада эканига оид масалаларда изоҳ сўралди.

Масъуллар ҳар бир саволга атрофлича жавоб берди. Фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш