Сўз — пленум иштирокчиларига! Халқ ишончини қозонишда фаоллик ва ташаббускорлик муҳим
Сўз — пленум иштирокчиларига!  Халқ ишончини қозонишда фаоллик ва ташаббускорлик муҳим

 

Бугун халқимиз турмуш даражаси яхшиланаётгани жамиятда эркинлик, давлат бошқарувида очиқлик, ислоҳотлардаги ортга қайтмаслик принципи қатъий экани билан бевосита боғлиқдир. Юртимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар ва имкониятлар шаклланаётганига нафақат гувоҳ, балки иштирокчи ҳам бўляпмиз. Аслида ҳам, ҳар бир ислоҳотда партиямиз ва унинг депутатлик корпуси фаол иштирокчи сифатида ўз ўрни ва сўзига эга бўлиши керак.

Бўлиб ўтган пленумда ўтган йил давомида амалга оширилган фаолият таҳлил қилиниб, Давлат дастурининг партиямиз электорати манфаатлари нуқтаи назаридан аҳамияти ва шундан келиб чиқиб, жорий йилдаги вазифалар белгиланди. Галдаги вазифа, ҳеч шубҳасиз, белгиланган чора-тадбирларнинг бекам-у кўст бажарилишида фаол иштирок этишдан иборатдир.

Албатта, бу борада биринчи навбатда, жойларда партия гуруҳлари томонидан Ҳаракатлар дастурининг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг салмоғини баҳолашда эътиборни сон жиҳатдан сифат жиҳатига ўзгартиришимиз лозим.

Фаолиятимиз давомида олинган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугун халқимиз фаровонлиги йўлида чиқарилаётган ҳужжатлардан аҳоли тўлақонли хабардор эмас ёки унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмаяпти. Бунга жойларда халқ билан ўтказилаётган учрашув ва сайёр қабулларда гувоҳ бўлмоқдамиз.

Шундай экан, партия ташкилотлари ва депутатларимиз зиммасида улкан масъулият турибди. Бунда партия масъуллари, кенгашлардаги тарғиботчилар гуруҳлари ва депутатлик корпуси вакиллари аҳоли орасига чуқурроқ кириб бориши ва қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиши лозим.

Яна бир муҳим масала партиямизнинг дастурий ғоя ва ташаббуслари билан одамларни яқиндан таништириш орқали аъзоларимиз сафини янада кенгайтиришдан иборат. Демак, олиб бораётган фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, белгиланган режа ва вазифалар ижросини таъминлашда, электорат манфаатларига қаратилган ташаббуслар тарғиботида фаол бўлиш устувор масала саналади.

 

Бахтиёр ТОШЕВ,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 22.1.2025, №3

 

 

 

 

 

Теглар

Пленум
← Рўйхатга қайтиш