Гап шундаки, кеча бўлиб ўтган қуйи палата мажлиси ҳамда ундан олдинги партия фракциялари йиғилишлари баҳс-мунозаралар билан кечди.
Депутатлар қонун лойиҳаларидаги ҳар бир кичик детални ҳам эътибордан четда қолдирмай, таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга изоҳ ҳамда тушунтиришлар сўрамоқда.
Бундан англашиладики, қуйи палата, Президент таъбири билан айтганда, ғоялар генератори, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдони вазифасини бажариш йўлидан бормоқда.
Қонунларнинг муҳимлигини ким белгилайди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар қонун ташаббускорларига шу мазмундаги савол билан мурожаат қилди. Гап шундаки, қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Унга кўра, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайдиган қонун лойиҳаларини мустасно этувчи норма акс эттирилган. Шунингдек, энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан олдин унинг тайёрланиши ҳақидаги ахборот жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши билан боғлиқ тамойил ҳам янги меъёр сифатида таклиф этилмоқда.
Депутатлар энг муҳим ёки жамоатчилик муҳокамасига қўйилмайдиган қонун лойиҳалари қайси мезонлар асосида аниқланиши ҳақида сўради.
Қонун ташаббускорлари Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ низом ишлаб чиқилгани ва унда жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилмайдиган қонун лойиҳаларининг рўйхати тасдиқланганини қайд этди. Низомга кўра, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларни жорий қилиш ёки карантин талабларини белгилаш билан боғлиқ бўлган, шунингдек, халқаро шартномага қўшилиш масаласига оид қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов Президентнинг тегишли қарорига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилаётганда, унинг лойиҳасини тайёрлашда фуқаролик жамияти институтлари, илмий ҳамжамият билан маслаҳатлашувларни кенгайтириш масаласи қўйилганини таъкидлади. Лекин қонун лойиҳасида бу меъёр акс этмаганига эътибор қаратди ва бу борадаги меъёрни лойиҳага киритиш керак, деган таклифни илгари сурди.
Лойиҳа моддама-модда кўриб чиқилгач, иккинчи ўқишда маъқулланди.
Ўзбекистон ХДП ташаббуси билан
Хабарингиз бор, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ муҳим қадамлар белгиланган. Масалан, дастурдаги 12-қадамда партия эҳтиёжманд аҳоли қатламининг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун курашади, деб қайд этилган. Шу билан бирга, партиямиз банклар таклиф этаётган кредит механизмлари ҳам ижтимоий адолат принципига мувофиқ бўлиши керак, деган ташаббусни илгари сурган.
Хусусан, ипотека кредити тўлови бўйича қарздорлик юзага келгани сабабли гаровга қўйилган кўчмас мулкни аукционда сотишдан олдин кредит олган шахсга уч ой муддат бериш таклиф этилган. Бу орқали кўчмас мулк эгасига уни уч томонлама олди-сотди шартномаси асосида ўзига қулай нархда сотиш имконини бериш ва мураккаб вазиятга тушиб қолган кредитор аҳволини яхшилаш мақсади кўзда тутилган. Мазкур ташаббус шу кунларда қуйи палатада муҳокама қилинаётган навбатдаги қонун лойиҳасида ўз ифодасини топган.
Маълумки, кредит ташкилотларининг муаммоли кредитларини сўндиришда ундирувни гаровдаги мол-мулкка қаратиш, уни реализация қилиш ва шу билан боғлиқ муносабатлар бир қатор қонун ҳамда қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинади. Амалиётда қарздор томонидан кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятлар ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилмаганда кредиторнинг гаров билан таъминланган талабларини қондириш кўзда тутилган. Бунинг учун суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратилади. Гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашда бир қатор муаммолар ва қонун ҳужжатлари ўртасида ўзаро номувофиқликлар мавжуд.
Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ўтган йилда олди-сотди шартномасига мувофиқ, сотувчи шартлашилган муддатда буюртма берилган маҳсулотларини етказиб бериш мажбуриятларини бажармагани ёки чала бажаргани билан боғлиқ мурожаатлар сони ортган. Бу ҳам қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга асос бўлувчи омиллардан бири саналади.
Табиийки, бу бўшлиқлар турли муаммоларни юзага келтирмоқда. Натижада ишончсизлик, норозилик кайфияти пайдо бўляпти. Таклиф этилаётган лойиҳа билан эса тегишли қонунларда кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, кредиторлар талабларини суддан ташқари тартибда қондириш тизимини ривожлантириш, мажбуриятларни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштириш ва яна қатор ўзгартиришлар киритиш лойиҳанинг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Қонун лойиҳаси билан гаровдаги мулкни бозор қийматида савдога чиқариш меъёри кўрсатиб ўтилмоқда. Қайтмаган қарздорлик суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлганда, ундирувни мулкка қаратмаслик ҳам таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур лойиҳа билан ундирувни гаровдаги мулкка қаратиш ва ундирув қаратилган мол-мулкни реализация қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари қамраб олинган.
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, асосли саволларни ўртага ташладилар. Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирган эди.
Масалан, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров лойиҳадаги айрим моддаларга эътибор қаратди. Таъкидландики, гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотув нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишув асосида амалга оширилади. Улар ўртасида келишмовчилик бўлган тақдирда мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда сотув нархи бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланиши кўрсатиб ўтилган.
Депутатга кўра, амалдаги тартибда келишмовчилик бўлган тақдирда мол-мулкни банк томонидан жалб қилинган баҳоловчи ташкилот баҳолаган ва нархни пасайтириб юборган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса бозор қийматидан келиб чиқиб баҳолаш меъёри қонуний мустаҳкамланиши таклиф этилмоқда. Ушбу меъёр келгусида тадбиркорлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялашга хизмат қилади.
Фракция аъзоси Анвархон Темиров эса электрон савдо ривожланиб кетгани, ишлаб чиқарувчи бошқа-ю унинг сотувчиси бошқа эканини таъкидлади. Депутатга кўра, ишлаб чиқарувчи берган товарни электрон тизим орқали сотади ва бу жараёнда муддати кеч қолса, ишлаб чиқарувчига юклама бўлиши мумкин. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси фақатгина истеъмолчиларнинг шартнома асосида муносабатларини тартибга солишни назарда тутади. Ваҳоланки, ношартномавий ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Депутат айни шундай вазиятларга ким жавобгар бўлиши кўрсатилмагани, умуман, оғзаки асосга эга бўлган ҳолатларни тартибга солиш зарурлигини таъкидлади.
Ташаббускорлар электрон тижорат масалаларида қонунчилик талаблари белгиланганини таъкидлади. Унга кўра, онлайн савдо платформаларида оммавий оферталар жойлаштирилади ва бу оммавий шартнома сифатида қабул қилинади. Агар ишлаб чиқарувчининг айби билан кечиктирилган тақдирда ҳам сотувчига нисбатан чора кўрилади. Негаки, сотувчи тадбиркорлик субъекти сифатида бутун рискни ўз бўйнига олиб, истеъмолчи билан шартнома қилади. Келгусида пеня ёки жарима ҳисобланса, ишлаб чиқарувчи билан қонунчиликка мувофиқ ўзаро муносабатларини тартибга солиши мумкин.
Муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг ушбу қонун лойиҳасининг концепцияси маъқулланди.
Халқаро стандартлар асосида
Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этишга ҳамда маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормалари билан уйғунлаштириш. Бу сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда татбиқ этилаётган асосий тамойиллардан саналади. Муҳими, бу орқали миллий қонунчилигимизга илғор хорижий тажрибани сингдириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган меъёрлар киритиш зарурати мавжуд.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ҳамда ХДП фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ушбу масалаларни ўз ичига қамраб олган. Унда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал қилиш вақтида ҳисобга олинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар ўз ифодасини топган.
Депутатлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, Зуҳра Шодиева битта китобни ўқиб чиқиш жазо муддатини қанчага қисқартириши мумкинлиги ҳақида сўради.
Масъулларга кўра, жазони ўташ муассасаларида маҳкумлар фақатгина китоб ўқиш билан банд бўлмайди. Уларнинг кун тартиби бўлиб, шундан икки соати маънавий-маърифий машғулотлар билан шуғулланишга ажратилади. Демак, маҳкум шу икки соат ичида китоб ўқийди ва бу жараёнда ҳар кимнинг қобилияти ҳар хил бўлиб, ягона тартиб белгиланмаган. Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида хорижий тажриба ўрганилган. Ана шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган концепцияга кўра, битта китобни ўқиб, ўзлаштириш жазони ижро этиш муддатини 3 кунгача камайтиришга асос бўлади.
Фракция аъзолари жазони ўташ муассасаларидаги китоблар фонди, адабиётлар қайси тилларда экани, уларнинг мазмунига тегишли масалаларда ҳам изоҳ сўради. Маҳкумларнинг ўзини ўзи тарбиялашини рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси концепцияси маъқулланди.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси фуқарога мурожаат этганида ўзини таништиради
Қуйи палата мажлисида Миллий гвардия фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, лойиҳа билан мамлакат мудофааси ва хавфсизлиги, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва қўриқлаш фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг асосларини белгиловчи қонунчиликни такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Миллий гвардия органларининг асосий вазифалари комплекс тизимлаштирилмоқда.
Лойиҳага кўра, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) фуқарога мурожаат этганида ўзини таништириш тартиби таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, жамоат тартибини сақлаш ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш чоғида фойдаланиш учун Миллий гвардия ходимларини замонавий махсус воситалар билан таъминлаш юзасидан ҳуқуқий асосларни шакллантириш кўзда тутилмоқда.
Депутатлар бир қатор масалаларда аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, Миллий гвардиянинг ваколатлари қайси ҳудудлардан бошланиб, қаерда тугашининг чегараси, тизим хизматчисига бериладиган махсус воситаларнинг инсон саломатлиги ҳамда ҳаётига қай даражада таъсир қилишига оид масалаларда изоҳ сўралди.
Хусусан, депутат Ирина Токарева Миллий гвардия ходимларига берилиши назарда тутилган телескопик таёқча ҳақида савол берди. Депутат замонавий кўринишга келтирилган воситанинг техник хусусиятлари билан қизиқди.
Ҳар бир саволга ташаббускорлар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 22.1.2025, №3