Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тошкент вилоятида

 

Сир эмаски, Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, қуйи палатадаги партия фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова ҳамда Тошкент вилояти кенгаши депутати Акмал Умаралиев Оҳангарон шаҳрида жойлашган Ижтимоий-қўллаб қувватлаш маркази фаолиятини ўрганди.

Бугунги кунда Тошкент вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида жами 255 та ўрин мавжуд бўлиб, шундан 220 таси – бюджет маблағлари, 35 таси пуллик хизмат ҳисобига молиялаштирилади. Пуллик ўринларнинг 30 таси стационар, 5 таси кундузги қатнов шаклидаги хизматлар учун белгиланган.

Депутат Марказда истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганди. Жумладан, ошхона, ётоқхона, кутубхона, физиотерапия, массаж ва даволаш бадантарбия хонаси кўздан кечирилди.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, депутат таклифларини шакллантирди. Жумладан, ошхона таъминоти аутсорсинг орқали ташкил этилган бўлиб, тайёр иссиқ овқатларни ўз вақтида яшовчиларга етказиб бериш мақсадида ишчи-ходимлар сонини кўпайтириш лозим.

Шунингдек, қайта баҳолаш натижаларига кўра доимий яшовчилар тоифасига мос келмайдиган, биринчи даражали яқин қариндошлари бор, ўзига хизмат қила оладиган 32 нафар шахсни жамиятга интеграция қилиш чораларини кўриш зарур. Бунда мазкур шахсларнинг турар манзиллари бўйича “Инсон” марказлари орқали яқин қариндошлари ва фарзандлари билан алоқаларини тиклашга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Меҳнат қилиш қобилияти мавжуд, лекин турар жойи бўлмаганларни ижтимоий уй билан таъминлаш бўйича таклифлар киритиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Депутатга кўра, меҳнат устахоналари фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўргазмалар ва электрон савдо платформалари орқали сотилишини таъминлаш керак. Бундан ташқари, кам миқдорда харид қилинадиган дори воситаларини электрон савдолар орқали сотиб олиш жараёнида юзага келаётган муаммолардан келиб чиқиб, бу жараённи амалга ошириш учун алоҳида тартиб ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш